Якшанба куни Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар ортидан тармоқларда фуқаролар газ босими ҳам пасайиб кетганидан шикоят қила бошлади. Улар қаторида «Ўзбекистон24» телеканали журналисти, блогер Азиза Қурбонова ҳам газ босимининг кучи ҳаттоки чой дамлашга ҳам етмаётганини танқид қилди.

«Салом, менинг номим-газ. Лекин бунга шубҳам бор. Кучим фақат милтиллашга етади. 20 минутдан бери чой ҳам қайнатолмайман. Эгаларим ўтмишим-ўчоққа қайтишган. Ҳа, шунақа. Манзилим Учтепа тумани, Чўпонота маҳалласи», — дея кинояли пост ёзиб қолдирди.

Унинг Facebook`даги мазкур пости остида Учтепа туман ҳокимлигининг расмий саҳифаси номидан (ҳокимнинг матбуот котиби Тўрабек Тўраев эканлиги айтилмоқда) қуйидагича изоҳ қолдирди:


Шундан сўнг, асосий масала ортда қолиб, фойдаланувчилар туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хатоларга тўла ёзган изоҳини муҳокама қилишга ўтиб кетган. Ҳаттоки, улардан бири Азиза Қурбонова солиқ тўлаётгани ва ҳокимлик ходимлари шунинг ҳисобидан ойлик олаётганини эслатиб ўтган ҳамда унинг бундай оҳангда жавоб беришини «ёввойилик» деб атаган. «Ҳокимлик молхона эмаску, тўғрими?», — деган савол билан юзланган фойдаланувчи.

Журналистнинг ўзини таништиришни сўраганига туман ҳокимлиги саҳифасидан қуйидагича жавоб келган:

Шундан сўнг тармоқ фойдаланувчилари кўпроқ саволларни ўртага ташлаган, кимдир эса юқоридаги ҳолатни кулгули эканлигини таъкидлаган.

«Ҳокимлик аккаунтидан ёзилган бундай гапларни ўқиш жуда кулгили бўларкан», — деб изоҳ қолдирган Жамшид Ниёзов исмли фойдаланувчи.

Постлар орасида ноодатийлари ҳам йўқ эмас. Мисол учун Ферузбек Сайфуллаев аҳолидан газ йўқлиги учун дарахтларни кесиб ўтин сифатида ишлатмасликни сўраган.

«Дарахтларни кесманглар газ учун илтимос. Қийналсангизлар ҳам чиданглар. Газ бўлмаса газ ташкилотларини судга беринглар. Илтимос фақат дарахтларни кесманглар. Ҳар йили „свет“, газ ўчмайди деб, бизни алдашади. Аммо чидаб қишданам ўтиб оламиз, тоза баҳорда бизни касалликлардан ҳимоя қиладиган дарахтларни кесманглар», — деб ёзади у.

Пост остидаги мазкур қизиқарли баҳс-мунозарадан сўнг, Азиза Қурбонова ҳолатга ўзининг муносабатини билдирди.

«Коммуникация сўраганмидинглар? Мана у. Тепадаги постимга Учтепа туман ҳокимлигининг Facebook`даги аккаунти шундай жавоб берибди. Кўп эҳтимол билан бу матбуот хизмати бошлиғининг гаплари. „Тўрабек Тўраев?“ деган саволимга жавоб ҳам бермади ва инкор ҳам этмади. Классик жавоб берилган-а, нима дедингиз?», — деди у.

«Яшасин, „нолийверма, cен ўзинг давлатга нима қилиб қўйдинг“ клишеси. Яшасин, ахборот хизматининг савияси. Яшасин, халқининг оғир ва енгил кунларида бирга шу ҳаводан нафас олган ва олаётган, қачондир тепада (қайси тепалигига аниқлик киритилмаган) ишлаганида бировни ғазаблантирмаган ва „ақ(и)ллилик“ қилмаган Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти», — дейди журналист.

Азиза Қурбонова қуйидагича киноя билан якун ясайди: «Яшасин, оловга (қани ўша олов-2 cоатдан бери тефтель шўрвам қайнамайди) ёғ сепадиган ва ўзи туманга ҳеч нарса қилиб бермаган, катталарни ҳурмат қилмайдиган, Учтепа тумани ҳокимлиги аккаунти аввал ўтириб кўрган тепада ўтирадиган (қайси тепа экан, борардим ўшатга) ғаламис Азизабону. Мана ўзбекча crisis communication ва public relations дан маҳорат дарси. Ўрганинглар. Эссиз».