Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тенгдошлари калтаклаши оқибатида 14 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Фарғона вилояти ИИБ хабар қилишича, воқеа сабаб 2 нафар ИИО ходими ишдан бўшатилган.

Қайд этилишича, 17 октябрь куни Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар ўзи билан бирга тарбияланаётган вояга етмаган Р.А.га тан жароҳати етказгани аниқланган. Шундан сўнг Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда юқоридаги 2 нафар вояга етмаган тарбияланувчилар қамоққа олинган.

Воқеа содир бўлган кунда навбатчилик қилган 2 нафар ИИО ходими тарбияланувчиларни назоратсиз қолдириб, жанжал олдини олмагани учун ИИО сафидан бўшатилиб, ходимларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун вилоят прокуратурасига тақдим қилинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.