Халқаро CITES рўйхати ҳамда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган тасқара қуши ўлдирилган, дея хабар қилди Ekologuz Telegram-канали. Канал ўлик қушни кўтариб олган икки овчи суратини эълон қилди, бироқ ҳолат қаерда ва қачон содир бўлгани номаълум.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилди.

Тасқара қушини овлаш тақиқланган бўлиб, бу тур тоғ қўриқхоналарида ва миллий боғларда ҳимоя остига олинган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълум қилишича, экология-патруль хизмати билан биргаликда қуш тутилган жой ва суратдаги шахсларнинг шахсини аниқламоқда.

Жиноят кодексининг 202-моддасига кўра, Қизил китобга киритилган ҳайвон ёки ўсимлик турларини йўқ қилиш — 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қизил китобга киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларига етказилган зарарнинг ўрни беш баравар миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилмайди.