Бухоролик 22 ёшли йигит 29 яшар хотини ва 5 яшар ўғлини ўлдириб, ёқиб юборди. Ҳодиса Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Кўкгумбаз маҳалласи, Заргар қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар берди.

Қайд этилишича, фуқаролардан бири 102 рақами орқали М-39 Олмаота-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида, йўл ёқасидаги қирликда аёл ва вояга етмаган боланинг куйган жасадларини кўргани ҳақида хабар берган.

Шундан сўнг ҳодиса жойига Ғаллаорол тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи ходимлари етиб борган ва ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишларини бошлаб юборган.

«Дастлабки суриштирув давомида жасад Бухоро вилояти Шофиркон туманида „Искагоре“ ҚФЙда яшовчи, 1993 туғилган аёлга тегишли экани аниқланган. Суд-тиббий экспертизада аёл ва бола юқори нафас йўлларининг беркилиб қолишидан вафот этгани, қотил уларни бўғиб ўлдиргани аниқлаган», — дейилади ИИБ ахборотида.

Таъкидланишича, суриштирув давомида аёл билан бирга яшаб келган, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани «Сармижол» ҚФЙда истиқомат қилувчи 2000 йилда туғилган йигит гумонланувчи сифатида қўлга олинади. Дастлабки тергов давомида йигит ўз жиноятини тан олади.

Маълум бўлишича, йигит аёл билан бундан 5 йил аввал танишган. Бошида ёшларнинг муносабатига ҳар иккисининг ҳам оила аъзолари қаршилик билдирган. Шунга қарамай, улар муносабатларини давом эттириб, шаръий никоҳ билан яшай бошлаган. Улар 2017 йилда фарзандли бўлган. Эр-хотин ўртасида тез-тез жанжал ҳолатлари кузатилган.

«Жорий йил кузда аёл ҳомиладор бўлиб қолганини маълум қилади. Йигит у пайтда пойтахтга қурилиш учун кетганди. Йигит уни ва ўғлини Тошкентга чақириб олиб, Зангиота тумани Олимполвон маҳалласидаги ижара уйга жойлаштиради. Аёлнинг қўлида ортиқча пул борлигини кўрган йигит уни хиёнатда айблайди. Уч кундан сўнг улар Бухорога қайтиш учун йўлга чиқишади ва соат 17:00 лар атрофида қотиллик рўй берган жойда, яъни Ғаллаорол туманида такси машинасидан тушиб қолишади», — дейилади Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати тайёрлаган лавҳада.

Қўшимча қилинишича, ўша ерда эр-хотин ўртасида яна жанжал юзага келади. Йигит хотинига бир нечта шапалоқ туширгач, аёл уни тош билан уради. Шундан сўнг йигит хотинини панага олиб ўтиб, уни аввал қўли билан, кейин эса соч қуритиш тармоғи билан бўғиб ўлдиради. Жиноятга гувоҳ бўлган болани йигит олиб кетмоқчи бўлади. Аммо у онаси билан қолишини айтади. Йигит жиноятига гувоҳ қолишини истамай, ўғлини сумка тасмаси билан бўғиб ўлдиради.

«Икки инсоннинг бошини еган қотил жиноятини яшириш учун марҳумларнинг кийимларини уларнинг устига ташлаб ёқиб юборади ва воқеа жойидан йўловчи автоулов орқали Бухоро томонга йўл олади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.