Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқандда бўлиб ўтган саммитида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзолангани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 11 ноябрь куни саммит якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Матбуот анжуманида Uzreport телеканали мухбири: «Бугун Шимолий Кипрнинг ташкилотга кузатувчи давлат сифатида қабул қилиниши ҳақида алоҳида қарор қабул қилиндими? Агар шундай бўлса, бу Шимолий Кипрнинг мустақил давлат сифатида тан олишни англатадими?», деган мазмунда савол берган.

Мухбирнинг саволига жавоб бераркан, Ўзбекистон ТИВ раҳбари саммит якунлари бўйича Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмаганини маълум қилди.

«Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормаларига, айниқса, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш масалаларида қатъий амал қилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу муносабат билан Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — деди Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг эслатишича, Шимолий Кипр аллақачон Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотларда кузатувчи мақомига эга, Туркий маданият халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) фаолиятида ҳам 30 йилдан бери кузатувчи сифатида иштирок этиб келади.

«Кипр туркларининг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардаги қардош халқлар билан яқинроқ ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги табиий жараёндир. Бундан ташқари, бу масалаларнинг барчаси фақат ташкилотнинг ҳуқуқий ҳужжатлари ва мамлакатларимиз қонунчилиги билан тартибга солинади», — дея қўшимча қилди Владимир Норов.

Қайд этиш жоиз, Туркий давлат ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 11 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида нутқ сўзларкан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шимолий Кипр ТДТга кузатувчи аъзо бўлиб қўшилгани, бу масалада бирдамлик иродасини намойиш этгани барчага миннатдорчилик билдиришини таъкидлаган эди (видео).

Ражаб Тоййиб Эрдоған ТДТ Давлат раҳбарлари кенгаши саммитида нутқ сўзламоқда, 2022 йил, 11 ноябрь. Фото: ТДТ матбуот хизмати

«Қардошлик қонунимиз талабларини бажариб, Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотимизга кузатувчи аъзо бўлишга қабул қилдик. Турк дунёсининг айрилмас бир парчаси бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳисса қўшдик. Бу бирдамлик иродасини намоён этганингиз учун сиз азиз қардошларимга алоҳида миннатдорлик билдираман», — деганди Эрдоған.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Twitter’даги саҳифасида Шимолий Кипр ТДТга кузатувчи давлат сифатида қабул қилинганини маълум қилган (Anadolu). Эрдўғоннинг ёрдамчиси Фуат Ўқтой ҳам Шимолий Кипр ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилгани ҳақида ёзган (Haberturk).

Маълумот учун, Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипр оролининг шимолини эгаллаган ва фақат Туркия томонидан тан олинган давлатдир. Туркия Шимолий Кипрга ўз қўшинларини жойлаштирган; Кипр Республикаси (оролнинг жанубидаги, аҳолиси асосан юнонлар бўлган давлат) ва БМТ ушбу қўшинларни оккупацион кучлар деб ҳисоблайди. Ўзбекистон 1997 йилда Кипр Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатган.