Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ва тарғиб қилиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Адлия вазирлиги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Таъкидланишича, таҳлиллар сўнги йилларда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда бундай ўйинларда иштирок этиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Қимор ўйинлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2019 йилда 1 454 та бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 2 864 та, 2021 йилда 3 372 та ва 2022 йилнинг 6 ойида 2 325 тани ташкил этди.

Ушбу ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та ва 2022 йилнинг 6 ойида 90 тани ташкил этди.

«Хусусан, онлайн қимор ўйинларининг аҳоли орасида кенг оммалашиб бораётганлиги фуқароларда мазкур ўйинларга нисбатан қарамлик вужудга келиши, фирибгарлик жиноятларини содир этилиши ва ўз жонига қасд қилиш каби салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Мазкур қонун билан қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда уларда иштирок этиш билан боғлиқ ноқонуний фаолият учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда», — дейилади лойиҳа матнида.

Шунингдек, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, уни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш ҳамда тарқатиш учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Лойиҳа билан қуйидагилар таклиф қилинмоқда:

  • 278-модданинг номи «Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш» деб ўзгартириш.
  • модданинг тўртинчи қисмнинг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этиш:

«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш, ўтказиш ёки уларда иштирок этиш учун телекоммуникация тармоқлари ёхуд Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, -«;

  • Қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдириш:

«Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи маҳсулотни қонунга хилоф равишда реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —

уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 25 ноябргача давом этади.