Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда.

ТДТ саммитидаги нутқи давомида Шавкат Мирзиёев «бундай ҳолат ҳеч қайси давлатни қониқтирмаслигини» таъкидлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Бундан ташқари, давлатларимиз орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолмоқда, — дея сўзида давом этди президент. — Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, ташкилотимиз доирасида «Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди»ни барпо этиш ташаббусини илгари сурамиз».

Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этди.

Ўзбекистон қўшма Инвестиция фондини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилинди.

«Биз Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапираяпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак. Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда», — деди у.

«Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган авто-транспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз», — Ўзбекистон етакчиси.

Давлат раҳбарининг фиркича, транспорт ва транзит салоҳиятимизни тўла ишга солиш учун: «Нималар қилишимиз керак? Қандай қўшимча чоралар кўриш керак, уларни қайси муддатда ва кимлар амалга оширади?» деган саволларга жавоб топиш лозим.

У бу борада бугун қабул қилинаётган дастур асосида транспорт вазирлари томонидан йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Асосий эътибор қуйидагиларга қаратиш лозимлиги таъкидланди:

  • минтақадаги транзит коридор-ларининг рақобатбардошлигини ошириш;
  • бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш;
  • замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратмоғимиз керак.

«Шу ўринда, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган авто-транспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз. Бу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ниҳоятда катта салоҳиятимиз борлигини яққол кўрсатди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимизни, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор», — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, бу йўналишда амалий қадамларни янада кучайтириш ва аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорликни чуқурлаштириш лозимлиги айтилди.

Шавкат Мирзиёев қуйидагиларни таклиф этди:

Биринчидан, глобал ва ички бозорларимиз эҳтиёжлари, давлат-ларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича ташкилот доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш вақти келди.

Иккинчидан, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш муҳим.

Учинчидан, ижобий тажриба асосида, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида «Смарт» қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш.