Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец жамоанинг 16−20 ноябрь кунлари Қозоғистон ва Россия терма жамоаларига қарши бўлиб ўтадиган ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатини эълон қилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарига кўра, миллий терма жамоа 13 ноябрь куни Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларини бошлайди. Ушбу йиғин доирасида 16 ноябрь куни соат 18:00 да Қозоғистонга қарши, 20 ноябрь куни соат 17:00 да эса Россия билан ўйин ўтказилади. Ҳар иккала учрашув Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади.

Йиғинга қуйидаги футболчилар жалб этилган:

Дарвозабонлар — Абдувоҳид Неъматов («Насаф»), Ботирали Эргашев (АГМК), Ўткир Юсупов («Навбаҳор»);

Ҳимоячилар — Рустам Ашурматов («Навбаҳор»), Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), Ҳусниддин Алиқулов («Насаф»), Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), Алибек Давронов («Насаф»), Умарбек Эшмуродов («Насаф»), Абдулла Абдуллаев (АГМК), Шерзод Насруллаев («Насаф»), Дилшод Саитов («Насаф»);

Ярим ҳимоячилар — Одилжон Ҳамробеков («Пахтакор»), Акмал Мозговой («Насаф»), Отабек Шукуров («Фатиҳ Карагюмрюк», Туркия), Азиз Турғунбоев («Пахтакор»), Ойбек Бозоров («Насаф»), Жалолиддин Машарипов («Ан-Наср», Саудия Арабистони), Сардор Собирхўжаев («Пахтакор»), Ҳожимат Эркинов («Торпедо», Россия), Достонбек Ҳамдамов («Пахтакор»), Остон Ўрунов (жамоасиз), Русланбек Жиянов («Олимпик);

Ҳужумчилар — Элдор Шомуродов («Рома», Италия), Игорь Сергеев («Тобол», Қозоғистон), Бобур Абдухолиқов («Энергетик-БГУ», Беларусь).


Россия терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин 17 ноябрь куни Тожикистон, 20 ноябрь куни эса Ўзбекистонга қарши ўйинлар учун кенгайтирилган таркибни 7 ноябрь куни эълон қилган. Қозоғистон терма жамоасининг Ўзбекистон ва БААга қарши ўйинлар учун таркиби эса 11 ноябрь куни маълум қилинди.