Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади, деб хабар берди Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) матбуот хизмати.

Учрашув 20 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади.13 ноябрь куни бош мураббий Сречко Катанец бошчилигидаги жамоа йиғинни бошлайди ва машғулотлар доирасида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Россиядан ташқари Ўзбекистон 16 ноябрь куни Қозоғистон билан ҳам ўйнайди.

Россия ва Ўзбекистон терма жамоалари расмий ўйинларда тўқнаш келишмаган.

Eurostavka.ru нашри Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда Валерий Карпин жамоаси билан учрашишни ё режалаштирилмаётгани ёки ундан қочилаётгани ҳақида ёзган эди. Бироқ сентябрь ойида Қозоғистон футбол федерацияси Россия билан ўртоқлик ўйини бўйича музокара олиб бораётганини маълум қилди.

«Биз томондан, айниқса, айрим ОАВ ёзганидек, сиёсий сабабларга кўра рад этиш бўлмади. Биз ЎФА билан ўртоқлик ўйини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз, аммо ҳозирча Россия томони биз таклиф қилган 16 ноябрь санасидан қониқмаяпти. Маслаҳатлашувлар давом этмоқда», — деган эди КФФ бош котиби Олжас Абраев.

Июнь ойидаёқ Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалари ҳақида хабар берилган эди. Eurostavka хабарига кўра, Россия томонининг Ўзбекистонга дўстлик учрашуви ўтказиш ҳақидаги мурожаатига дастлабки жавоб рад жавоби бўлган. Бироқ музокаралардан сўнг Ўзбекистон томони 20 ноябрь куни ўртоқлик ўйини бўйича таклифни кўриб чиқишларини маълум қилган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Россия бугунги кунда санкциялар доирасида ФИФА ва УЕФАнинг барча турнирларидан четлаштирилган.

Дастлаб ФИФА Россия терма жамоасига нейтрал майдонда ва томошабинларсиз, шунингдек, байроқ ва мадҳиясиз ўйин ўтказишга рухсат берган эди. Аммо эртаси куни УЕФА ва ФИФА ҳам жамоаларни, ҳам терма жамоани барча халқаро мусобақалардан четлаштиришга қарор қилишди.