В.И.Вернадский номидаги Қрим федерал университетининг учинчи курсида таҳсил олаётган ўзбекистонлик бир гуруҳ талабалар ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллади.

Давлат комиссиясининг 7-сон баёни билан Россия Федерациясининг (Украина билан чегарадош) Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов ва Краснодар ҳудудларидаги ОТМларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига истисно тариқасида кўчиришга рухсат берилганди.

«Келтирилган ҳудудлардан фарқли ўлароқ, Қрим ҳудуди ҳам ҳарбий харакатларга катта алоқадорлиги ва бу ердаги кўп сонли портлашларни ҳисобга олган ҳолда, Қримда таҳсил олаётган талабаларнинг олиб чиқилиши адолатдан бўлар эди. Биз бу вақтга қадар жуда кўп жойларга мурожаат қилиб кетгандик. Хусусан, РФнинг Ростов-на-Дону шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонасига қилган мурожаатларимиздан ҳам ҳеч қандай ижобий жавоб ололмаяпмиз», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, 11 октябрь куни Украинага чегарадош ҳудуддаги Россиянинг Курск давлат тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишни кўчиришни сўраб Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилганди.