Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи — оилада, 3 мингдан зиёди — кўчада, бир мингдан ортиғи — жамоат жойида содир этилган.

Бу каби ҳолатларга қарши курашиш, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга беғараз ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида мамлакатда бир неча ўнлаб нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда. «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов Самарқанд шаҳридаги «Раҳмдиллик» жамиятида бўлиб, унинг раҳбари, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси Бибисора Орипова билан суҳбатлашди.


— Бибисора опа, одатда инсон бошидан кечирган ёки ён-атрофида кўп гувоҳ бўлган муаммоларга қарши курашишга ҳаракат қилади. Аслида шифокорсиз, тиббиёт соҳасида фаолият юритасиз. Аммо сизни кўпчилик аёллар ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида танийди. Бу йўлдаги фаолиятингизни бошлашингизга нима туртки бўлган?

— Ўзим-ку зўравонликка учрамаганман, аммо ён-атрофимдаги шундай мазлумаларни кўриб нимадир қилгим келаверарди. Мен туғилиб, улғайган хонадонда аёлларга нисбатан меҳр-муҳаббат, эътибор ҳар доим кучли эди. Ҳозир ўйласам, у пайтларда қишлоқларда ҳозиргидек шафқатсизликлар, ур-сур деярли бўлмаган экан. Аммо ўқиш учун катта шаҳарга келгач, хотин-қизларга бўлган турли салбий муносабатлар гувоҳига айландим. Истеъдодли қизлар одамларнинг гап-сўзи ортидан бирор касб ё ҳунарни эгаллаш мақсадидан воз кечарди. Гарчи ота-онаси, яқинлари уларни қўллаб-қувватласа-да, барибир жамиятнинг эскича қараши, фикрлаши туфайли қаршиликларга учраганларни, орзуларидан кечганларни ҳам кўп кўрдим. Оиламиздаги қадриятлар, дадамнинг қўллови боис бундай ҳолатлардан қаттиқ таъсирланардим.

«Раҳмдиллик» шелтери

1971 йили ҳозирги Самқарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлагач, шаҳардаги куйганларни даволаш марказига ишга кирдим. Ўшанда 60 ўринли тиббиёт масканига жабрланган аёллар ҳам олиб келинарди. Баданлари куйиб кетган, қўл-оёғи қимирламайдиган жувонларнинг ачинарли аҳволига раҳмим келганидан суҳбатлашиб ўтирардим. Ҳар бирининг дардини тинглаб, далда берардим. Жонидан тўйиб, ўзига ўт қўйган аёллар ҳам бўларди. Уларни кўпчилик руҳий касал, деб ўйларди. Лекин гаплашиб, кўпчилиги жуда кенг фикрлайдиган, ақлли аёллар эканига гувоҳ бўлардим. Вақт ўтиб, шифохонадаги аёлларга боғланиб қолдим, кетгим келмасди. Қандайдир ёрдам берсам дердим.

Кузатиб, таҳлил қилсам, аёллар тиббиёт масканида ойлаб, йиллаб ётиб, даволаниб чиқяпти, аммо борадиган жойи йўқ. Эри олиб кетмасди. Ота уйига борай деса, у ерда келинлар, ака-укалар қабул қилмайди. Хўш, унда улар қайга борсин? Мана шу савол мени кўп қийнарди. Охири вилоят хотин-қизлар қўмитасига бориб, раҳбарларга бу муаммони ечиш учун таклифим борлигини айтдим.


Билсангиз, ўша пайтлари фабрикалар кўп бўларди. Ҳокимлик вакиллари билан маслаҳатлашиб, шифохонадан тузалиб чиққан чорасиз аёлларни кийим-кечак ишлаб чиқарадиган фабрикага вақтинчалик жойладик. Кундузи фабрикада ишлаб, кечаси ўша ердаги ётоқхонада ухлашарди. Ҳафтада бир неча кун шифохонага кўрикка бориб келишарди. Бир вақтнинг ўзида «Билим жамияти»да ҳам ишлаб, ҳудудларда семинарлар ўтардик, одамларга маслаҳатлар берардик. Шу тариқа аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тажриба орттира бошладим.

— «Раҳмдиллик» нодавлат-нотижорат ташкилотига қачон асос солдингиз?

— 1995 йили Самарқандда «Сабр» номли аёллар учун ишонч маркази очилганди. Таклифга кўра, у ерда психолог бўлиб ишладим. Кечалари навбатчиликда турардим, қўнғироқ қилган хотин-қизларнинг муаммосини эшитиб, маслаҳатлар берардим. Бир неча йил ўтиб, «Сабр» қошида Қизил ярим ой жамияти кўмаги билан тўрт аёлга мўлжалланган хонада илк қадамларимизни бошладик.

1998 йили «Умид» реабилитация марказини очишга муваффақ бўлдик ва Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиб, низом ҳамда гувоҳномамизга эга бўлдик. Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида ҳам бўлимлар очдик. Бизга аста-секин республиканинг турли ҳудудларидан мурожаатлар туша бошлади. 1999 йили АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси грант ажратди. Ўша маблағ ҳисобидан шу атрофдаги ён қўшниларимизнинг айримларининг уйини сотиб олдик ва жойлар сонини кўпайтирдик. Фаолиятимиз кенгайгани сари яна турли ташкилотлар томонидан грантлар ажратилди. Зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида чекка қишлоқларга бориб, аҳоли билан учрашувлар, семинарлар ўтказдик. 2005 йилга келиб ташкилотимиз ёпилди.


— Нима учун?

— Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондаги барча ННТлар қайта рўйхатдан ўтказила бошланди. Афсуски, ташкилотимиз Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтмади. Ёпиш учун ариза ёзиб чиқаётсам, вазирликнинг рус миллатига мансуб ходимасини кўриб қолдим. Унга «Ташкилотни ёпдик, марказдаги аёлларни олиб келиб бераман, ўзларингиз қарайсизлар», дедим. «Сизни жуда яхши тушунаман, олдингизга ёрдам бериш учун бир гуруҳ аёлларни юбораман, бирга ишланг», дея жавоб қайтарди. Эртасига бир қанча русийзабон аёллар келиб, таклифларини билдирди. Уларнинг «Раҳмдиллик» жамияти номли ташкилоти ногирон аёллар ва болаларга ёрдам бераркан. Биз уларга марказимиз балансидаги барча мол-мулкимиз билан аъзо бўлдик. Ўша вақтдан бери ташкилотимиз «Раҳмдиллик» жамияти деб аталади. 2007 ва 2014 йиллари янги низом билан қайта рўйхатдан ўтдик ва мустақил фаолият юритамиз.

2010 йили Италияда ўтказилган анъанавий халқаро танловда қатнашиб, биринчи ўринни қўлга киритдим. Хотин-қизлар зўравонлигига қарши курашаётган африкалик ва италиялик аёллар мос равишда иккинчи ва учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Менга мукофот сифатида 53 минг евро беришди. Аммо ўша вақтларда номингизга чет эллик бирор фуқаро ёки ташкилотдан 500 доллардан кўп маблағ ўтказилса, кунлаб сўроқ-савол қилишарди. Мукофот пулимни олиш учун кўплаб банкларга кирдим, иложи бўлмади. Ҳатто Италия элчиси ҳам олиб беролмади. Охири танлов ташкилотчилари Америкадаги қизимнинг ҳисоб рақамига ўтказишди, қизим эса менга юборди. Шундай қилиб, мукофот пул билан саккиз йил фаолият юритдик. Бу вақт ичида бир неча юзлаб хотин-қизларга амалий ёрдамлашдик.


— «Раҳмдиллик» жамиятининг фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Аёллар кўпроқ қандай масалалар билан мурожаат қилади?

— 2019 йилда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, ҳукумат бизникидек марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишни бошлади. Гендер тенглиги ва оилавий зўравонликка қарши кураш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қувонарли ҳолат. Бунинг учун ҳукуматдан миннатдорман. Эҳтимол, уларнинг камчиликлари кўпдир. Лекин ташкилотимизга нисбатан эътибор яхши, грантлар ажратилади, бу ердаги аёллар қўллаб-қувватланади. Ҳозир эркин ишлаймиз, тўсиқлар йўқ. Ҳудудларда ҳам аҳоли билан бемалол учрашиб, мулоқот қиламиз. Маҳаллалар, ҳуқуқ тартибот органлари ва давлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлигимиз бор.

Ташкилотимиз оғир вазиятларга тушиб қолган аёллар ва уларнинг фарзандларига вақтинчалик бошпана бериб, психологик ва тиббий кўмак, ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Энг асосий мақсадимиз бу ердаги аёлларни зўравон яқинларидан ҳимоя қилишдир. Марказимизга, асосан, 20−40 ёшлар оралиғидаги аёллар турли масалаларда мурожаат қилади. Уларнинг ҳар бирини индивидуал ўрганганимизда кўпчилиги ишсиз, ҳунарсиз бўлиб чиқади.


Охирги йиллари қайнона-келин муносабатларига жиддий дарз кетаётганини мурожаатлардан ҳам билиш мумкин. Қайнонаси сабаб хўжайини билан жанжаллашиб, калтак еяётган аёллар бор. Бу ерда яшаётганларни суҳбатга тортсангиз, кўпчилиги на эрининг, на ўзининг номида ҳеч нарса йўқлигини айтади. Шунинг учун икки-уч боласи бўлишига қарамай, қайнона-қайнота ёки эр ҳайдаб юборса, индамай уйдан чиқиб кетади.

Марказга келган болали аёлларга маҳалла ва ҳокимлик вакиллари билан бирга пластик карта очиб берамиз. Ойма-ой болалар пули тушиб туради. Бу малблағга биз бераётган бепул озиқ-овқатлардан ташқари, нимадир егиси келса, ўшани сотиб олади ёки бошқа эҳтиёжи учун ишлатади.

Аёлларга бу ерда бир йилгача яшаб туришини айтамиз. Бу вақт ичида кўпининг муаммосини ҳал қиламиз, яъни оиласи билан ярашиб олади ёки ўз йўлини топиб кетади. Ҳунарсизлар ҳунар ўрганади, ишсизларини ҳокимлик ёрдамида ишга жойлаймиз. Аммо бир йилдан кўп вақт яшайдиганлар ҳам бор. Уларнинг муаммоси жуда чигал ва ечим учун узоқ муддат талаб этилади. Шу сабабли чиқариб юбора олмайман.

— Бу ердаги аёллар қайсидир маънода эркин ҳаёт кечиради. Яъни қайнонаси ва турмуш ўртоғи бўлмайди, жанжал ҳолатларини кўрмайди. Қолаверса, етарли шароитлар ҳам мавжуд: тинч, еб-ичиши ва ётоғи бепул, ҳунар ўрганиш имконияти бор. Бундай яшаш тарзига ўрганиб, кетишни хоҳламайдиган аёллар ҳам учраб турадими?

— Гапингиз тўғри. Тинч ҳаётда яшашни ҳар бир инсон истайди. Лекин узоғи бир йилгача бошпана бера оламиз холос. Маҳалла раислари, ҳокимлик вакиллари билан ҳамкорликда оиладаги муаммони ҳал қилганимиздан сўнг кўплаб эр-хотинлар ярашиб кетади, аёл уйига қайтади. Биз ҳеч қачон бировни мажбурламаймиз. Агар мажбурласак, бироз вақт ўтиб, яна оилада зўравонлик бўлиши, аёл қайтиб келиши мумкин.

Қайнонаси ёки эри сабаб турмушини давом эттиришни хоҳламайдиган аёлларга ижтимоий уйлар олишда ёрдамлашамиз. Олдинги йиллари кредит, субсидияга уйлар берилган бўлса, жорий йилдан бошлаб вилоят ҳокими ташаббуси билан оғир аҳволдаги, ёлғиз аёлларга бепул ижтимоий уйлар ажратилмоқда. Шу йил шелтеримиздаги етти нафар аёлга уй олишда ёрдамлашдик. Улар энди ўз аравасини ўзи тортади.


— «Раҳмдиллик»да маълум вақт яшаб кетган аёллар билан ҳозирги кунда муносабатларингиз қандай?

— Бу уйдан кетган қизларим, сингилларимнинг кўпчилиги ҳалигача мени йўқлаб туради. Айримлари турмуш ўртоғи ёки қайнонаси билан бирга келиб, миннатдорчилик билдиради. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, йигирма нафардан ортиқ аёллар волонтёр сифатида бизнинг яқин кўмакчимизга айланган. Улар шу ерда яшаб, турли тренингларда билимини оширган, дунёқараши ўзгарган, зўравонликка қарши курашадиган шахс бўлган. Ҳаммаси ўз ҳудудида хотин-қизлар, қайноналарга семинарлар ўтиб, бизга ёрдамлашади.

— Бугунги кун одамлари, айниқса, хотин-қизларнинг зўравонлик ҳолатларига нисбатан муносабатини қандай баҳолайсиз?

— Олдинги даврда бирор аёл кўчага чиқиб, «Эрим мени урди», демаган. «Йиқилиб тушдим», «Юзимни деразага уриб олдим», дея турли баҳоналар билан дардини ичига ютиб яшаган. Чунки у шундай тарбия кўрган ва жамиятдаги анъаналарни буза олмаган. Эри кўчага ҳайдаса ҳам отасининг уйига қайтиб бормай, қўшнисиникида тонг оттирган. Бундай аёллар жуда кўп бўлган ва ҳозир ҳам бор.

Вақтлар ўтиб, ривожланиш натижасида ва қонунлар ишлагани учун аёллар ҳуқуқларини билишни бошлади. Охирги вақтларда жамоатчилик ҳам зўравонлик ҳолатларига жиддий қарамоқда. Қилмиши учун қонун олдида жавоб бераётганларни ҳам кўряпмиз.


— Аёллар муаммоси билан ишлашда психологларнинг аҳамияти қанчалик, деб ўйлайсиз?

— Институтда ўқиганимда психология фанидан психиатрлар дарс ўтарди. У даврларда ҳам психология ривожланмаган эди. Шу ёшга етгунча кўп ҳолатларни кўрдим, турли ҳарактердаги ва вазиятдаги хотин-қизлар билан мулоқот қилдим. Ўзига ўт қўйган ёки жонига қасд қилмоқчи бўлган аёллар унга яхши гапирадиган, қийин вазиятларида дардини эшитиб, муаммосига ечим топишга кўмаклашадиган одам бўлмагани учун руҳан оғир ҳолатга тушганини таъкидларди. Бугунги кунда ҳам руҳан қийналадиган опа-сингилларимиз кўп. Шунинг учун бу ерга келувчи аёлларни биринчи ўринда психологияси билан жиддий шуғулланамиз. Психологларимиз суҳбатлашиб, бошидан кечирган қийинчиликларини эшитади, шунга қараб муаммосини ҳал қилишга киришамиз.

Ўзбекистонда ҳам психология соҳасини ривожланишини жуда хоҳлайман. Аммо қиммат психологияни истамайман. Яқинда бир психологга олдимизга келинг, мижозларингизни қабул қилиб, ишлашингиз учун бепул жой бераман, орада шелтердаги аёллар билан ҳам ишлаймиз, дедим. Аммо у мендан бир неча миллион сўм маош беришимни сўради. Унинг гапини эшитиб, хайрон қолдим ва ҳамкорликда ишлашни рад этдим. У эса кунига бир миллион атрофида пул топишини айтди. Шунда билдимки, бизда психологларнинг камлиги учун у кабилар катта-катта нархни белгилаб, аҳоли билан ишларкан. Агар бизда психология ривожланса, одамлар кўп муаммоларини руҳан енга олади, ўзида куч топади. Эркакми, аёлми, ҳаммага психолог керак барибир.

— Фарзандларингизни фаолиятингизга бўлган муносабати қандай? «Шу ёшингизда набиралар бағрида кексалик гаштини сурсангиз бўлмайдими?», дейишса керак?


— Ҳеч қачон қаршилик қилишмаган. Чунки ўғил ва қизларимнинг ҳаммаси фаолиятимни кўриб, улғайди. Улар зўравонлик нималигини яхши билади, жабрланган аёллар билан гаплашиб, муаммосини ҳал этганларимизни кўп марта гувоҳига айланган. Шу боис зўравонликни доим қоралаб, мени қўллаб-қувватлаб туришади. Баъзан «Ая, шелтердаги аёллар муаммоси билан ишлаб, энергия оласиз-да!», деб қўйишади (кулади). Ҳақиқатан, шу ердаги қизларим, сингилларимдан куч оламан, ўзим ҳам уларга куч, ишонч беришга ҳаракат қиламан.

— Бу ерга зўравонликка учраган аёллардан ташқари, баланд мартабали амалдорлар, хорижлик меҳмонлар ҳам тез-тез келиши ҳақида кўп эшитганмиз…

— Тўғри, турли лавозимларда ишлайдиган Ўзбекистондаги ва хорижлик раҳбарлар келиб, мен ва аёллар билан мулоқот қилади. Мисол учун, 2 ноябрь куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок шелтеримизга ташриф буюрди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов меҳмонларга мени таништираётган вақтида «Бу аёл давлат мадҳиясини ёзган машҳур шоиримиз Абдулла Ориповнинг синглиси бўлади», деди. Ўша пайт кўнглим тоғдек кўтарилди, хурсандлигимдан йиғлаб юборай дедим.


Фото: Владимир Норов / Twitter.

Анналена Бербокнинг айтишича, унинг ўзи ҳам кўп йил давомида хотин-қизларнинг муаммолари — гендер тенглик, аёллар зўравонлиги каби масалалар билан шуғулланган экан. Шунинг учунми, фаолиятимизга қизиқиши баландлигини таъкидлаб, турли саволлар берди. Бу ердаги аёлларнинг айримлари билан суҳбатлашди. Қисқаси, деярли ҳар ҳафта битта меҳмон кутиб оламиз, бу анъанага айланган.


— Сиз ёрдам бераётган хотин-қизларнинг аҳволини енгиллаштириш учун давлат, жамият нималар қилиши керак?

— Юқорида айтганимдек, 2019 йилда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Биз шу қонунни байроқ каби кўтариб, аҳоли орасига ҳам кирамиз, мутасаддилар эшигини тақиллатиб ҳам борамиз.

Ношукрлик қилишни ёқтирмайман ва хоҳламайман. «Раҳмдиллик» жамиятининг обрўи бу — менинг обрўим. ННТ номидан қайси ташкилотга ёрдам сўраб борсам, албатта, кўмак беришади. Тиббиёт, таълим муассасалари беминнат хизмат кўрсатади. Улар биз билан ҳамкорлик шартномаси тузишга кўнишмаса-да, аммо шелтердаги аёлларни шифокорлар бепул кўрикдан ўтказади, фарзандларини боғча, мактаблар ҳам қабул қилади.

Яқинда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида мана шу биноимиз қайта таъмирланиб, мебеллар билан жиҳозланди. Бундай эътибор, ёрдамларни очиқ айтишим керак. «Ҳеч ким ёрдам бермаяпти», деб нолисам катта хато бўлади.

Тўғри, айрим маҳалла раислари ёки ўша ҳудуднинг ички ишлар инспектори ўз вақтида ёрдам бермайди, уларни топишда қийналамиз. Бизнинг жамиятга келган ҳар қандай аёлнинг муаммосини ҳал этишда у яшаган туман ва МФЙ масъуллари ҳам бизга яқиндан кўмаклашса, ишимиз тез битарди.


Шунингдек, атрофимиздаги одамларнинг ҳам зўравонлик ҳолатларига нисбатан қараши, фикрлаши ўзгаришини истайман. Аёл ҳам инсон, уни асраб, авайлаш керак. Хато қилса уриб эмас, яхши гапириб тушунтириш лозим.