Жорий йил сентябрь ҳолатига Ўзбекистонда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи — оилада содир этилган. Бу ҳақда 3 октябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжмунида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева маълум қилди.

Бундан ташқари, яна 3 мингдан ортиқ хотин-қиз — кўчада, 1 мингдан ортиғи — жамоат жойида, 81 таси — таълим муассасасида, 429 таси — иш жойида зўравонлик қурбонига айланган.

Шунингдек, 9155 та жисмоний зўравонлик, 68 та жинсий зўравонлик, 340 та иқтисодий зўравонлик, 18 мингдан ортиқ руҳий зўравонлик, 6 мингдан ортиқ тазйиқ ҳолатлари аниқланган.

Таъкидланишича, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. «Ҳимоя ордери бериш натижасида 16 мингдан ортиқ оила яраштирилди, 14 мингдан ортиқ низо бартараф этилди, расмийлаштирилган 2862 та ҳимоя ордери натижасида маъмурий/жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди», — деди Озода Парпибоева.

Чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёллар учун ижтимоий реабилитация қилиш хизматини кенгайтириш мақсадида 28 та ҳудудий ва намунали туманлараро марказлар қошида 135 та ижтимоий маслаҳатхона ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, биргина ўтган ойнинг ўзида ижтимоий тармоқларда бир неча бор аёлларга нисбатан зўравонлик қўлланилгани, жумладан, Жиззахда эр хотинини арматура билан уриб ўлдиргани, Тошкентда аёл рашк сабаб талаба қизни «самосуд» қилгани, Андижонда эркак хотини, қайнонаси ва қайнукасини пичоқлагани эълон қилинган эди.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича хавотирини билдирганди. Сурхондарёда куёв тўйда келинни урган воқеадан кейин сенаторлар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни режалаштираётганди. Қолаверса, йигит ва қизларни тўйдан олдин Оила марказларидаги машғулот ва давра суҳбатларига жалб этиш таклифи билдирилганди.

Бироқ Ўзбекистонда ҳали ҳам оиладаги зўравонлик бўйича жиноий жавобгарликка тортувчи қонун ёки модда йўқ, дея қайд этади зўравонликларга қарши Nemolchi.uz лойиҳаси.

«Баданга турли даражадаги оғирликда шикаст етказиш моддалари (104-, 105-, 109-моддалар) мавжуд бўлиб, улар кўпинча маиший зўравонлик қайд этилган ҳолларда (кўп ҳолатларда ҳимоя ордери ва маъмурий жазодан кейин) қўлланилади. Бироқ, улар оиладаги зўравонликнинг моҳиятини қамраб олмайди: Бу нафақат жисмоний зарар, балки жиддий, тизимли маънавий зўравонлик ва шахсни йўқ қилиш демакдир», дея таъкидланган лойиҳада.

Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни Мустақиллик куни арафасида ўтказилган маросимда Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида ҳам гапирганди.

«Бугун хурсандчилик кунларда кўпчилик муҳокама қилаётган айрим мавзулар кўнгилни хира қилади. Хотин-қизларимизга, азиз аёлларимизга нисбатан айрим зўравонликларни умуман қабул қилиб бўлмайди. Бу бизнинг миллатга хос бўлмаган чидаб бўлмас иллат», — деганди Шавкат Мирзиёев.