7 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари бошқа соҳалар қатори заргарликда ҳам имкониятлар жуда кенглигини таъкидлади. Мамлакатда 300 млн долларлик ички бозор борлигини, бу талабни маҳаллий заргарлар бемалол қондириши мумкинлигини қайд этди. Шу сабабли уларни қўллаб-қувватлаш учун 1 декабрдан бошлаб, олтин ва кумушга кечиктириб тўлаш учун барча банклар ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги кафолатлари қабул қилинади. Кафолат олиш имконияти якка тартибдаги заргарлар учун ҳам яратилади.

Бундан ташқари, заргарлар ишлатадиган қимматбаҳо ва безак тошлари божхона тўловларидан озод қилинади. Олтин, кумуш ва заргарлик учун зарур бошқа хом ашёларни қайта ишлаш учун вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишда лицензия талаби бекор қилинади.

1 декабрдан бошлаб жисмоний шахсларга 10 минг долларгача бўлган заргарлик буюмларини четга олиб чиқишга рухсат берилади (ҳозир 5 минггача рухсат берилган).

Тегишли вилоятлар ҳокимларига Самарқанд, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида заргарлик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаларини ишга тушириш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил май ойида заргарлар ўз маҳсулотларини мустақил синовдан ўтказиш, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни чакана савдода сотиш, шунингдек, аҳолидан қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар парчалари ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлганди.

Шунингдек, 2021 йил феврал ойида президент ўз фармони билан ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки тўловни 180 кунга кечиктириш шарти билан сотиб олишга рухсат берганди.