Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида 6 ёшли қизалоққа тегажоғлик қилишда айбланаётган Р.Ш.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда, дея хабар берди пойтахт судлари матбуот хизмати.

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси аввалроқ воқеа ёзда юз берганини маълум қилганди.

Жабрланувчининг онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва эркак 24 соат ичида кузатув камералари орқали топилган. Nemolchi.uz маълумотига кўра, психологик экспертиза қизчада «жинсий зўравонликдан кейинги аломатларга ўхшаш стресс» мавжудлигини аниқлаган.

Қайд этилишича, эркак Жиноят кодексининг 119 моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш / энг йуқори жазо 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва 129-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш / энг юқори жазо 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) билан айбланмоқда.

Жиноят иши 11 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига келиб тушган. Суд муҳокамаси 17 октябрдаги ажрим билан 26 октябрь кунига ёпиқ суд мажлисида кўриш учун тайинланган. Ҳозирги вақтда иш ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини терговчи рухсатисиз ошкор қилганлик учун айбсизлик презумпсияси ва жиноий жавобгарлик борлигини эслатиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда тергов ҳаракатлари жараёни видеотасвирлари ошкор қилинганлиги қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши ва суднинг ишни холисона кўриб чиқишига тўсқинлик қилиш учун ўтказилаётган босим сифатида баҳоланиши маълум қилинади, дейилади хабарда.