Ҳар биримиз шаҳарда тўкилган баргларни тозалаш керак эмас деган фикрни эшитганмиз, чунки улар тупроқ ва ўсимликлар учун табиий ўғитдир. «Газета.uz» нима учун пойтахтда барглар йиғиб олинаётгани ва қаерга олиб кетилаётганини билиб олди. Уларни тозалаш керакми, деган савол билан Тошкент ботаника боғи ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти мутахассисларига юзландик.

Тўкилган баргларни нега тозалашади?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бош бошқармаси (ОББ) кўкаламзорлаштириш ва ирригация бўлими бошлиғи Аҳмаджон Исоқовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, баргларни йиғиш мавсуми октябрь ойининг биринчи ўн кунлигидан бошланиб, декабрь ойигача давом этади. Баъзи дарахт турлари, масалан, чинорларнинг барглари баҳоргача тўкилади.

Аҳмаджон Исоқовнинг айтишича, пойтахтда йилига 200 минг куб метрдан ортиқ барглар тўкилади. Бу кўрсаткич пойтахтдаги дарахтлар сони, шунингдек, ҳар мавсумда баргларни йиғиш тажрибасига асосланади.


Аҳмаджон Исоқов турли дарахтларнинг барглари турлича чиришини тушунтирди. Мисол учун, манзарали дарахтларнинг баъзи барглари аллақачон чириган ҳолда тўкилади, мевали дарахтларнинг барглари эса тез чирийди. Чинор барглари ҳатто сувда ҳам узоқ вақт парчаланади.

Бироқ, майсазорларга тўкилган барглар ҳам йиғиб олинади. Аҳмаджон Исоқовнинг айтишича, бу пойтахтни тоза сақлаш, жумладан, шаҳарни хорижий делегациялар ташрифига тайёрлаш мақсадида қилинмоқда.

Барглар қаерга олиб борилади

Ободонлаштириш ходимлари томонидан йиғилган барглар компост чуқурларига олиб борилади. Тошкент шаҳрида бешта шундай объект мавжуд. «Газета.uz» мухбири Сергели туманидаги шундай жойлардан бирида бўлди. Компост чуқури Чирчиқ дарёси бўйида Тошкент қувур заводи ортидаги катта майдонда жойлашган.

ОББ ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Исоқовнинг сўзларига кўра, чириган барглар ёқимсиз ҳид чиқаради, шунинг учун компост чуқурлари учун жой аҳоли зич жойлашган жойлардан узоқроқ танланган. Яқин атрофда бир нечта хусусий уйлар мавжуд. Улар ва компост чуқури орасидан темир йўл ўтади.

Тўкилган барглар бу ерга шаҳар кўчаларидан маиший чиқиндилар билан бирга олиб келинади, ОББ ходимлари уларни ариқлардан, асфальт ва майсазорлардан йиғади. Орасида қурилиш чиқиндилари ҳам учрайди.

Аҳмаджон Исоқовнинг айтишича, барглар ахлат билан бирга трактор прицепларига ортиб, компост чуқурига олиб келинади. Маиший чиқиндилар қисман барглардан ажратилади, улар чуқурларга ташланади ва ер қатлами билан ўралади. Чуқур ўрни қатламлар билан тўлдирилади. Бир йил ўтгач, масса биогумусга айланади. У чуқурлардан қазиб олиниб, маиший чиқиндилардан ажратилади ва шаҳардаги ўсимликлар учун ўғит сифатида ишлатилади.

Аҳмаджон Исоқовнинг таъкидлашича, 2022 йилда пойтахтимиздаги тозалаш ишларига 10 минг нафардан ортиқ аҳоли, 80 та чиқинди ташиш машинаси, 110 та тўрли ромли трактор тиркамаси, 26 та самосваллар жалб этилган. Иккита ободонлаштириш гуруҳи 8 соатлик икки сменада ишлайди.

ОББ ва «Махсустранс» ахлатни тозалаш компанияси ўртасида келишув мавжуд бўлиб, унга кўра иккинчиси кўчалардан йиғилган чиқиндиларни, шу жумладан баргларни олиб чиқишда ёрдам беради. «Махсустранс» корхонаси раҳбари маслаҳатчиси Исмоил Сагдуллаевнинг таъкидлашича, корхона фақат баргларни олиб ташлаш билан шуғулланади, кўчаларни тозалаш эса ободонлаштириш бошқармаси зиммасига юкланади.

«Махсустранс» акциядорлик жамияти раҳбарининг собиқ ўринбосари Шерзод Каттахўжаевнинг айтишича, чиқинди машинаси тоза барглар билан тўлдирилган бўлса, компост чуқурларига олиб кетилади, барглар маиший чиқиндилар билан аралашган бўлса, аввал саралаш пунктларига, кейин эса полигонга олиб борилади.

Шаҳарларда тўкилган баргларни тозалаш ўзи керакми?

Тошкент ботаника боғи илмий ходими, дендролог Атиргул Холмурзаева «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда пойтахтда тўкилган баргларни ҳам ободонлаштириш, ҳам соғломлаштириш мақсадида йиғиш зарурлигини таъкидлади. Шаҳардаги барглар, айниқса ёмғирдан кейин лой ва чанг тўплайди. Бундан ташқари, улар аллергик касалликларнинг манбаи бўлиши мумкин. Атиргул Холмурзаеванинг айтишича, майсазорлардаги баргларни ҳам йиғиш керак. Акс ҳолда, майсалар керакли сувни ололмайди ва сарғаяди, деди у.

Дендрологнинг айтишича, илгари ботаника боғида тўкилган барглар олиб ташланмаган, чунки улар вермикомпостнинг табиий манбаи бўлиб хизмат қилган. Шундай қилиб, ходимлар дарахтларни озиқлантиришди. Энди боғда ижтимоий тадбирлар сонининг кўпайиши туфайли барглар тез-тез олиб ташланади.

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг катта илмий ходими Леонид Полушкиннинг таъкидлашича, олимлар шаҳарларда баргларни йиғиштириб олиш зарурати масаласида икки томонга ажралган. Ҳар бир томоннинг ўз ҳақиқати бор.

«Менинг шахсий фикрим шуки, тушган барглар табиатнинг бир қисмидир. Гумус тупроқда тўпланиши керак. Баргларни олиб ташласангиз, ўсимликлар кейинги авлодлари учун фойдали моддаларни қаердан олади?»

Мутахассиснинг сўзларига кўра, барг йиғишга қаршиларнинг ўз далиллари бор. Тўкилган барглар чанг ва лойни тўплайди ва зараркунандалар учун яхши қишлаш жойи ҳисобланади. Аммо баргларда зараркунанда-ҳашаротларлардан ташқари фойдали ҳашаротлар ва бошқа микроорганизмлар ҳам қишлайди. Уларнинг барчаси, шу жумладан баргларнинг ўзи ҳам тупроқ тузилишининг бир қисмидир.

«Хулоса шуки, бу табиатдаги циклнинг бир элементидир, шунинг учун ҳатто „зараркунандалар“ ҳам зарарли бўлиши мумкин эмас. Мен билан баҳслашадиганлар топилиши мумкин, аммо бунда бир қатор афзалликлар ва камчиликлар мавжуд. Афзалликлар бунда яққол устунлик қилади», — деди Леонид Полушкин.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон иқлими майсазордаги баргларнинг тез парчаланишига йўл қўймайди, чунки «баргларнинг чиришига биринчи ёрдамчи бу сувдир». Нам иқлим шароитида, масалан, Россияда, шаҳарлардаги барглар кучли ёмғир, музлаш-эриш даврлари ва кучли қор туфайли қишда парчаланади.

«Бундай иқлим шароитида бир неча йил ичида нафақат қалин барглар, ҳатто игнабаргли дарахтлар ҳам чирийди. Бизнинг иқлимимиз қуруқ, шунинг учун у бутунлай қайта ишланмайди. Шунга қарамай, ҳамма нарса ердан йиғиб олинган, мутлақо тозаланган, шунда фойдали моддаларни қаердан олади? Тўкилган органик моддалардан ташқари, ҳеч қандай манба йўқ», — деди Леонид Полушкин.

Унинг сўзларига кўра, майсазорларимиздан барглар олиб ташланмаса, баҳорда бўлмаса, кейинги йилга қадар чирийди. Аммо баргларнинг табиий парчаланиши ерни юмшатишга ёрдам беради, уни дарахтларнинг илдизларига етиб боишига имкон беради. Чириш жараёнини тезлаштиришнинг ҳеч қандай усули йўқ, чунки бу мақсадда майсазорларни суғориш иррационал сув исроф қилишдир, бу эса ўсимликлар учун зарарли бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, баргларни тозалаш ва кейинчалик барча майсазорларни сунъий ўғитлаш шаҳар учун жуда қимматга тушади, деб ҳисоблайди Леонид Полушкин. Асосан, минерал ўғитлар қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ишлатилади, аммо улар фойдали ва зарарли хусусиятларга эга.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, агар барглар олиб ташланса, компост чуқурларида уларнинг парчаланиш жараёнини тезлаштириш варианти мақбулдир. Бироқ, маиший чиқиндилар ҳеч қачон компост чуқурларига тушмаслиги керак.

«Маиший чиқиндилар таркиби, албатта, биогумус сифатига салбий таъсир қилади. Зарарли моддалар кирмаслиги учун яхши сараланганлигига шубҳа қиламан. Қоғоз, картон қўрқинчли эмас, бироқ босма типографик бўёқ таркибида яхши нарса йўқ. Аммо маиший чиқиндилар минг хил бўлиши мумкин. Улар таркибида биогумусни заҳарлайдиган зарарли кимёвий бирикмалар бўлиши мумкин, оқибатда кейинчалик майсалар улар билан оғитлантирилади».

Леонид Полушкин компост чуқурларининг Чирчиқ дарёсига яқинлиги ҳақида ҳам фикр билдирди. Бундай чуқурлар сув ўтказмайдиган тупроқларда, шу жумладан лойда жойлашган бўлиши керак.

«Биринчидан, геологик экспертиза ўтказишимиз керак. Агар геологлар сув ўтказмайдиган тупроқлар мавжудлигини тасдиқласа ва улар етарлича ишончли бўлса, унда буни амалга ошириш мумкин. Акс ҳолда, дарёга зарарли моддалар чиқарилади, бу эса балиқларнинг ўлимига олиб келади. Аммо тупроқ таркибидан қатъи назар, сувни муҳофаза қилиш зонаси ҳам мавжуд. Буни алоҳида ўрганиш керак», — дейди мутахассис.

«Аммо бизнинг дарёларимиз аллақачон барча РЭМК (рухсат этилган максимал контсентрациялар — таҳр.) бўйича ифлосланган», — дея таъкидлади Леонид Полушкин. «Компост чуқурлари оқава сувларни дарёларга тўкадиган цехлар, заводлар ва чиқинди қоғозларни қайта ишлаш корхоналари олдида ҳеч нарса эмас».