7 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Жазоирнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Бумедиан Геннадни қабул қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Вазир элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, уни янги лавозимга тайинлангани билан табриклади ва дипломатик миссиясида муваффақиятлар тилади.

Учрашув давомида Ўзбекистон — Жазоир сиёсий мулоқотини жадаллаштириш, шу жумладан ўзаро ташрифларни ташкил этиш, маслаҳатлашувлар ўтказиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий соҳада мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди. Жумладан, Ўзбекистонда автомобиль ва нефть-газ саноати, АКТ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Жазоир компанияларининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди.

Вазир ва элчи икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни давом эттириш, шунингдек, савдо уйларини очиш масаласини ўзаро асосда кўриб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Жазоирдан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.

Музокараларда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг қатор масалалари ҳам муҳокама қилинди.