АҚШ Марказий қўмондонлиги қуруқлик кучлари қўмондони ўринбосари Вендул Хаглер 50 та енгил тактик жанговар транспорт воситалари — Polaris MRZR`ни Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг махсус операциялар кучларига топширди, дея хабар берди АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.

Техника АҚШ мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштириладиган «ҳамкорлар салоҳиятини ошириш» дастури орқали тақдим этилди. Автомобиллар 2,8 млн долларга баҳоланмоқда ва Ўзбекистонга бепул тақдим этилган Америка мудофаа маҳсулотларининг бир қисмини ташкил этади.

«Ушбу техникани узатиш Қўшма Штатлар Ўзбекистонга ўзининг миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш учун таклиф қилаётган ёрдамнинг фақат бир шакли. АҚШ сўнгги 31 йил ичида сезиларли даражада ўсиб келаётган ҳамкорлигимизни ривожлантиришга умид қилмоқда», — деди Вендул Хаглер.

«Ҳамкорликнинг салоҳиятини ошириш» дастури АҚШнинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади. Бунда қўшма Штатларнинг ҳар бир географик жанговар қўмондонлиги таркибида шерик давлатларнинг салоҳиятини ошириш учун ҳарбий тайёргарлик ва муҳандислик бўйича тренинглар ўтказилади, дейилади хабарда.