Ижтимоий тармоқларда икки нафар шахс бегона уйга кириб, уй ичида бўлган йигитни дўппослаётгани акс этган видеоёзувлар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан изоҳ берди.

2 ноябрь куни уч киши — Ислом М. (1999 йилда туғилган), Акмал Р (2000) ва Фотиҳ К. (2005) олдиндан таниши ҳисобланган Даниэль А. (1993) билан ўзаро оғзаки жанжаллашиб қолган.

Шу куни соат тахминан 21:00 ларда улар Шайхонтоҳур туманида яшайдиган Даниэль А.нинг уйига бостириб кириб, унга ҳужум қилган ва уриб тан жароҳати етказган. Фотиҳ К. мазкур жараённи видеога олган, сўнг, ИИББнинг қайд этишича, «лайк йиғиш мақсадида» ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборган.

Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 142-моддаси (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчилар ушланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.