Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида 2 ноябрь куни гиёҳванд моддаларнинг йирик партиясини сақлаб келаётган Тожикистон фуқароси қўлга олинди, дея хабар бермоқда вилоят ИИББ матбуот хизмати.

Бекобод шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида ўзини шубҳали тутган 29 ёшли Тожикистон фуқароси А.Ш. яшаб келган хонадонда холислар иштирокида тинтув ўтказилган.

Уйнинг ётоқхонасидан, дастлабки маълумотларга кўра, сотиш учун мўлжалланган 14,9 кг гашиш (наша) топилган. Гиёҳвандлик моддаси далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.