31 октябрь куни (№ 3395) крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати. Мазкур қоидалар крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

Унга кўра, крипто-дўкон ўз фаолиятини электрон платформа ёки савдо объекти орқали амалга оширади.

Крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали:

  • ️жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш ёки сотиш;
  • ️чет эллик жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиш ёки сотиш мумкин бўлади.

Шунингдек, крипто-дўконнинг савдо объекти орқали:

  • жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш;
  • ️мижозлар томонидан крипто-активларни нақд пул кўринишида миллий ёки хорижий валютада сотиб олиш;
  • ️мижозлар томонидан крипто-активларни фақат миллий валютада сотиш.

Крипто-дўконда️ мажбурий идентификациядан ўтказилмаган мижозлар билан амалга ошириладиган ва Ўзбекистон резидентлари томонидан чиқарилган крипто-активлар билан операциялар️, шунингдек, аноним крипто-активлар ҳамда ўзаро ўзгармас токенларни сотиб олиш ёки сотиш операциялари амалга ошириш тақиқланади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда илк марта 2018 йилда президент блокчейнни жорий этиш, криптобозор, майнинг, смарт-шартномаларни ривожлантириш — рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолаганди.

Кейинчалик, крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди. Низомга кўра, крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.

2021 йилда ушбу агентлик томонидан Ўзбекистон фуқароларига крипто-биржаларда крипто-активлар ва токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий ва чет эл валютасида амалга оширишга рухсат беришни кўзда тутувчи лойиҳа муҳоқамага қўйилган эди.

2021 йилнинг ноябрида эса тегишли буйруқ билан Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни миллий валютада (сўмда) амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида эса Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида йиғимлар миқдорибелгиланди. Жумладан, майнинг фаолияти учун — БҲМнинг 10 баравари (3 млн сўм), крипто-биржа фаолияти учун — БҲМнинг 400 баравари (120 млн сўм) крипто-дўкон фаолияти учун — БҲМнинг 20 баравари (6 млн сўм) тўлов қилиш керак бўлади.