Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қарорда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди:

  • криптоактивлар айланмаси, жумладан майнинг (тақсимловчи платформаларни қўллаб-қувватлаш ва янги бирликлар форматида мукофотлар ва турли криптовалюталарда комиссион йиғимларни олиш имконияти билан янги блокларни яратиш бўйича фаолият), смарт-шартномалар (ҳуқуқ ва мажбуриятларни автоматлаштирилган тартибда рақамли транзакциялар йўли билан амалга оширишни кўзда тутувчи электрон шаклдаги шартнома), консалтинг, эмиссиялар, алмашинув, сақлаш, тақсимлаш, бошқариш, суғурталаш, краудфандинг (жамоавий молиялаштириш), ҳамда инвестицион ва тадбиркорлик фаолиятинининг турли шаклларини диверсификациялаш учун «блокчейн» технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш;
  • «блокчейн» технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш;
  • Криптоактивлар ва «блокчейн» технологиялар бўйича фаолият соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, рақамли иқтисодиётдаги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш учун «блокчейн» технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида юқори малакали чет эллик мутахассисларни жалб қилиш;
  • Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда «блокчейн» технологияларни жорий этиш учун зарур ҳуқуқий базани яратиш;
  • Рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш соҳасида давлат органлари ва хусусий тадбиркорларнинг ўзаро яқин алоқаларини таъминлаш.

Ҳужжатга кўра, президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантиришда ваколатли орган ҳисобланади. Агентлик блокчейн жорий этиладиган фаолият соҳаларини белгилаб беради. Бундан ташқари, рақамли иқтисодиёт ва блокчейнни жорий этиш ва ривожлантиришни кўзда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажбурий тартибда агентлик экспертизасидан ўтказилиши лозим.

Юридик ва жисмоний шахслар, жумладан норезидентларнинг криптовалюталар айланмаси билан боғлиқ операциялари солиққа тортиладиган объектлар ҳисобланмайди, мазкур операциялардан олинадиган даромадлар эса солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа тортилувчи базага киритилмайди.

Тегишли лицензияга эга шахслар томонидан амалга оширилувчи криптоактивлар айланмаси билан боғлиқ валюта операцияларига валютани бошқариш тўғрисидаги қонунчилик қонунчилик меъёрлари татбиқ этилмайди.