Ижтимоий тармоқларда «Андижонда ўқувчилардан вилоят ҳокими саволларига шукроналик ҳисси билан жавоб бериш кераклиги» акс этган хабарлар тарқалди. Унда барча синф раҳбарларига свет ва газ муаммосини гапирмаслик ҳам талаб қилинган. Шунингдек, уларда ўқиш нияти бўлмаса ҳам «улар 100% келажакда ўқишга кириш истагини билдириши кераклиги» айтилган. Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилардан бундай нарсаларни талаб қилмасликни сўради.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати эса расмий муносабатида ижтимоий тармоқларда келтирилган бундай топшириқлар туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан берилмаганлигини маълум қилди.

Келтирилишича, вилоятнинг Жалақудуқ туманидаги мактабларда таҳсил олаётган «ўқувчи-ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни қизиқишларига қараб йўналтириш мақсадида тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов иштирокида „Ҳоким ва ёшлар“ учрашувлари, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда».

Лекин айнан 2 ноябрь куни тарқалган «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз бўлиб, тумандаги мактабларда «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилиши белгиланмаган.

Ҳокимлик бундай очиқ-мулоқот тадбирларида уларга фақатгина тадбирда одоб-ахлоқ қоидалари риоя этишлари юзасидан тавсиялар берилишини таъкидлади. Ана шундай учрашувлар уларни фикрларини эркин баён этишлари учун ҳам ташкил этилишини қўшимча қилди.

Тумандаги барча мактаб жамоаларига, педагог-устозларига ўқувчиларини сифатли таълим олишлари йўлидаги фаолиятларини самарали олиб боришларини, турли асоссиз хабарлар муҳокамаларига берилмаган ҳолда фақат таълим жараёнлари билан шуғулланишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ўқувчиларга мана бу ёзувдаги каби нарсаларни уқтириш, сингдириш йўли билан уларни Ўзбекистон келажагини қурадиган ёшлар қилиб тарбиялаб бўлмаслигини, таълимда бундай инсонларнинг ишлаётганлиги ачинарли эканини келтирди.

Ҳоким Андижон фарзандларининг отаси экан, фарзанд отасига ўзини қийнаётган ҳар қандай масалани айтишга ҳаққи бор, отаси эшитмаган болани кўчада бегоналар эшитади, бу эса яхшиликка олиб келмайди. Ҳоким ҳам айнан шу учун ёшлар билан учрашгани келаётгани аниқ, бу йўл билан ўзингизни яхши кўрсатманг, деди у.

Маълумот учун, Жалақудуқ туманида 55 умумтаълим мактаблари ва битта «Баркамол авлод» болалар мактаби бор. Уларда жами 32 минг 960 нафар ўқувчи-ёшлар (16 минг 680 нафар ўғил болалар, 16 минг 280 нафар қизлар) ўқийди.