Сурхондарё вилояти Музработ туманининг сентябрь ойида ишдан олинган собиқ ҳокими Эркин Алимов бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, у мазкур тумандаги умумий қиймати 1,7 млрд сўм бўлган 4,2 гектар ерни аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштирган.

Шунингдек, тумандаги банклар унинг яқин қариндошлари номига турли мақсадларда 166 млрд сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратган. Уларнинг катта қисми муаммоли кредитга айланган. Ҳозирда банк муассасалари ўз вақтида тўлов қилинмаган 121 млрд 406 млн сўмлик кредитни ундириш учун тегишли ишлар олиб бормоқда.

Бундан ташқари, «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда ҳам тафтиш олиб борилмоқда. Унда аниқланишича, собиқ ҳоким иштирокида қиймати 35 млрд сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилинган. Эркин Алимов 2010—2017 йилларда ушбу ташкилот раҳбари лавозимида ишлаган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича жамиятнинг 20 дан ортиқ масъул-мансабдор шахслари тергов ҳаракатларига жалб қилинган ва улар Эркин Алимовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан кўрсатмалар бермоқда, дейилади хабарда. Ҳозирда тергов давом этяпти.

ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209- (мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатди.