Сешанба куни тунда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегация ташриф билан Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аэропортда делегацияни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов кутиб олди.

Анналена Бербок ташрифи чоғида Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идораларда музокаралар ўтказади. Шунингдек, у президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қабул қилинади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг бир кун аввал хабар беришича, музокараларда икки мамлакат ҳамкорлиги истиқболлари, савдо-иқтисодий шериклик масалалари ва минтақадаги вазият муҳокама қилинади.

Германия делегацияси Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги йирик корхоналарга ҳам ташриф буюради.

Ташриф арафасида Германия ташқи ишлар вазири Қозоғистон (Тошкентга келишидан олдин ташриф буюрган) ва Ўзбекистонга ташрифидан асосий мақсад — Россиянинг Украинага қарши уруши ва бошқа глобал инқирозлар келтириб чиқарган инқироз шароитида ушбу давлатларнинг Европадан кутаётган «умид ва кутилмаларига қулоқ солиш» эканини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, икки давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда Германия ҳам маданият ва иқтисодиёт, ҳам шахсий алоқалар нуқтаи назаридан ишончли ҳамкор бўлиб қолаётганидан далолатдир.

«Германия ва Европа адолатли ҳамда очиқ имкониятларни таклиф қилади, улар янги қарамликларни яратиш ёки молиявий воситалардан фойдаланишни назарда тутмайди», — деди вазир.

Анналена Бурбок фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашишни режалаштирган. «Иқтисодий ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари бир танганинг икки томони. Чунки кучли қоидалар компаниялар учун энг яхши сармоявий ҳимояни таъминлайди ҳамда узоқ муддатли фаровонлик ва хавфсизлик фақатгина одамларнинг ҳуқуқлари кафолатланган тақдирдагина мумкин», — деди у.