Тошкент шаҳрида 24−27 октябрь кунлари V халқаро Нобель фестивали ўтказилди. Унда БМТ бош котибининг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси, 2007 йили тинчлик бўйича Нобель мукофотини қўлга киритган Рае Квон Чунг ҳам меҳмон сифатида қатнашди.

Фестиваль Инклюзив рифожлантириш фонди, Coca-Cola, Ёшлар ишлари агентлиги, «Ziyo Forum» Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди ва «Zakovat» ННТ томонидан ташкиллаштирилди.

Ёшлар ижод саройида ўтган матбуот анжуманидан сўнг, «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов Инчеон миллий университети профессори билан қисқа суҳбат ўтказди.

Рае Квон Чунг Тошкент ҳавоси ҳақида гапираркан, пойтахтда енгил машиналарнинг кўплиги сабаб ҳаво тобора ифлосланаётганини таъкидлади.

«Тошкентга келган куним (24 октябрь) бахтимга ёмғир ёғаётган экан, ҳаво жуда тоза эди. Лекин ёмғир тингач, ҳақиқатан ҳавонинг ифлослиги, нафас олиб бўлмаслигини сездим. Шахсий машиналарнинг кўплиги, улардан чиқаётган заҳарли тутун туфайли шаҳар ҳавоси меъёридан-да ёмонлашиб бормоқда. Айнан шулар ҳам Тошкент ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Қандайдир ечимини албатта, топиш шарт», — деди у.


Фото: Равшан Меликузиев

Унинг айтишича, жамоат транспортини кўпайтириш орқали ушбу масалага анча барҳам бериш мумкин.

«Сизлар жамоат транспортига эътибор қаратишингиз, уларни кўпайтиришингиз керак. Бу ўта муҳим масала. Агар фуқаролар яна шахсий машинасини ҳайдаб юраверса, вазият бундан ҳам ёмонлашади. Одамлар шаҳар ичига ўз автомобилида кирмагани мақбулроқ», — деди профессор.

Рае Квон Чунгнинг қайд этишича, жамоат транспорти тезлиги ва сифатли хизмати таъминланса, одамлар албатта, ундан фойдаланади.

«Кореядек мамлакат шаҳарларида ҳам йўллар билан боғлиқ масалалар, ЙТҲлар кўп. Гарчи йўллар созлиги бўйича барча стандартларни кўрган, машина бошқариш машғулотлари талаб даражасида бўлса-да, барибир, йўлларга оид муаммоларимизга янги-янги ечимлар топишимизга тўғри келяпти», — деди Нобель мукофоти совриндори.

Унинг фикрича, Тошкент ҳам жамоат транспортига катта урғу бериши керак.