Бразилияда ўтказилган президентлик сайловининг иккинчи тур натижаларига кўра Луиз Инасио Лула де Силва 50,85% овоз билан ғалаба қозонди. Мамлакатнинг амалдаги президенти Жаир Болсонаро 49,15% овоз тўплади. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин «Ўта оғир аҳволга тушиб қолган мамлакатимиз бошқарувини ўз қўлимга олишга тайёрман. Лекин ишонаманки, худонинг ва одамларнинг ёрдами билан биз мамлакатимизда яна демократик қоидалар асосида, тотувликда яшаш имкониятига эга бўла оламиз. Биз оилаларга тинчликни қайтаришимиз, турли позицияларни яратишимиз ва барчамизга керак бўлган Бразилияни қуришимиз мумкин», — деди Лула.

Жаир Болсонаро овозларни санаб чиқиш тугаганидан кейинги дастлабки соатларда мағлубиятни тан олмади.

Пайшанба куни 77 ёшга тўлган Лула де Силва Бразилия тарихида алоҳида ўринга эга. У ўзининг сиёсий фаолиятини 1970−80 йилларда металлчилар касаба уюшмаси раҳбари сифатида бошлаган ва ҳарбий диктатура шароитида оммавий иш ташлашлар уюштиришда иштирок этган.

1980 йилда тузумнинг нисбатан либераллашганидан фойдаланиб, Ишчилар партиясини тузди. Беш йил ўтиб мамлакатда демократия тикланди ва шундан сўнг Ишчилар партияси номзодлари, жумладан, Лулунинг ўзи ҳам тўққизта президентлик сайловидан тўрттасида ғалаба қозонди.

Луланинг 2003 йилдан 2010 йилгача бўлган икки президентлик муддати жаҳон хомашё «бум»ига тўғри келади. Бразилия бундан яхши пул ишлаб топди ва миллионлаб бразилияликлар қашшоқликдан қутулишга муваффақ бўлди, дея келтиради BBC.

Кейин «Автомобиль ювиш» операцияси номи билан жанжал юзага келди, унинг давомида ҳокимиятнинг энг юқори поғонасидаги коррупция ҳолатлари текширувдан ўтказилди. Бу Бразилия ва Лотин Америкасидаги ўнлаб сиёсатчилар ва бизнес раҳбарларини ўзига тортди.

Бунда Лула денгиз бўйидаги квартира учун 1 млн доллардан ортиқ пора олганликда айбдор деб топилди. У мазкур мулк унга тегишли эмаслигини айтди.

Собиқ президент бир ярим йил қамоқда ўтирди. 2019 йилнинг ноябрида Олий суд жараён процессуал қоидаларни бузган ҳолда ўтказилди, деган қарорга келди ва Лула озодликка чиқди.

Лула сайловчиларга ўзини Болсонаронинг тўрт йиллик тартибсиз бошқарувидан кейин барқарорликни тиклайдиган лидер сифатида кўрсатмоқда. У очлик ва уйсизлик муаммосини ҳал қилишга ваъда берди. Одамларни бойларга солиқларни оширишга, энг кам иш ҳақи миқдорини оширишга ва миллионлаб одамларни қашшоқликдан чиқариш учун ижтимоий харажатларни кенгайтиришга ишонтирмоқда.

Ўзбекистон ва Бразилия ўртасида 1993 йил 30 апрелда дипломатик муносабатлар ўрнатилган. 2009 йил май ойида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Бразилияда бўлганди. Президент Лула да Силва билан учрашди, ўшанда мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланганди.