Исландиянинг Рейкьявик шаҳрида 31 октябрга ўтар кечаси Фишер номидаги тасодифий шахмат бўйича жаҳон чемпионати якунланди.

Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов (FIDE рейтинги — 2713) турнирнинг бронза медали учун кечган баҳсда норвегиялик Магнус Карлсен (2856) билан тўқнаш келди. Ўзбекистонлик биринчи ўйинни ғалаба билан бошлаган бўлса, норвегиялик қолган учта учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди — 3:1 (1, 2, 3 и 4 партиядар). Шу тариқа, Нодирбек Абдусатторов 40 минг доллар миқдоридаги мукофот пули тўланиши кўзда тутилган турнирда тўртинчи ўринни эгаллади.

Фото: David Llada.

Финалда россиялик Ян Непомняший (2793) ва америкалик Ҳикару Накамура (2768) тўртта ўйин натижасига кўра дуранг (2:2) қайд этишди, аммо «Армагеддон»да (олдинги тай-брекларда ғолиб аниқланмаса ўйналадиган махсус шахмат ўйини) Накамура кучлироқ бўлиб чиқди ва шахмат бўйича Фишер йўналишида янги жаҳон чемпиони бўлди.

Фото: Lennart Ootes.

Фишер — шахмат бўйича 11-жаҳон чемпиони Роберт Фишер томонидан таклиф қилинган шахмат ўйинининг бир тури. Ўйин қоидалари асосан классик шахматдаги каби бўлади, лекин доналарнинг дастлабки жойлашуви тасодифий тарзда аниқланади. Шу билан бирга, ушбу турнирдаги натижалар классик шахмат бўйича шахматчиларнинг тўлаган рейтингига таъсир қилмайди.

Турнир ғолиби нафақат жаҳон чемпиони унвонини, балки 150 минг доллар мукофот пулига ҳам эга бўлади. Кумуш медаль соҳибига 80 минг доллар, учинчи ўрин учун 55 минг доллар тўланади.