29 октябрь куни Жанубий Корея пойтахти Сеул марказида Хеллоуин байрамини нишонлаш вақтида юз берган тиқилинч оқибатида 151 нафар киши ҳалок бўлди, 82 нафари жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар орасида 19 нафар хорижлик, жумладан, Ўзбекистон, Эрон, Хитой ва Норвегия фуқаролари ҳам борлиги аниқланди, деб ёзади Korea Times Yonhap ахборот агентлигига таяниб.

Маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 97 нафари аёллар, 54 нафари эркаклардир. Ҳодиса — мамлакат тарихидаги энг қонли тиқилинч Hamilton меҳмонхонаси яқинидаги тор кўчада содир бўлган. Сеул мериясига воқеа юзасидан бедарак йўқолганлар ҳақида 350 га яқин хабар келиб тушган.

Шанба куни Хеллоуин байрами Жанубий Корея пойтахтида йирик коронавирус чекловлари олиб ташланганидан кейин уч йил ичида биринчи марта нишонланди. Фожиа юз берган кўчада кўпчилик байрамона либосларда бўлган.

Таъкидланишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти ўсмирлар ва 20 ёшдан ошган ёшлар бўлган. Улар орасида болалар бор-йўқлиги ҳозирча аниқланмаган.

Фото: Ижтимоий тармоқ

Ўт ўчириш хизматининг маълум қилишича, соат 10:15 дан сўнг уларга Итаевон шаҳрида кўчада нафас олишда қийналаётган одамлар борлиги ҳақида ўнлаб қўнғироқлар кела бошлаган. Воқеа жойидан олинган кадрларда ҳам қутқарувчилар, ҳам оддий одамлар жабрланганларга кардиопулмонер реанимация ўтказаётганини кўриш мумкин.

Гувоҳлар ва омон қолганларнинг айтишларича, катта бир гуруҳ одамлар тўдаси тахминан 4 метрча келадиган хиёбонга тушиб кетган, шундан сўнг улар ортидан минглаб одамлар эргашган.

«Одамлар бошқалар томон домино тошлари каби йиқилишда давом этди», — деб ёзган воқеа гувоҳларидан бири Твиттерда. «Мен эзилиб ўлиб қоламан деб ўйладим, чунки одамлар оломон ичида йиқилиб тушаётганини сезмай тураверишди», — деди у.

Фото: Ижтимоий тармоқ

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз хонасидан жонли эфир қилиб, халққа мурожаат қилди ва миллий мотам эълон қилди. Президент мутасаддиларга ҳодиса сабабларини чуқур ўрганиш бўйича топшириқ берди. У халққа мурожаат қилгач, дарҳол фожиа содир бўлган жойга ташриф буюрди.

Бундан ташқари, Европада бўлган Сеул мэри О Се Хун зудлик билан ватанига қайтиб келаётганини маълум қилди. Шаҳар полицияси тез орада марказдаги барлар ва клублар хавфсизлик қоидаларига риоя қилиши борасида тергов бошлашни режалаштираётганини қайд этди.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси юзага келган фавқулодда вазият оқибатида ўзбекистонликлар ичида жабрланганлар бўлса ва ёрдам керак бўлса, элчихона консуллик бўлими ҳамда Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмасига зудлик билан мурожаат қилишларини сўради: элчихона: 010−6802−1969, уюшма: 010−8495−0027.

«13:00 ҳолатида мавжуд маълумотларга кўра, Итаевон кўчасида содир бўлган мудҳиш воқеада бир нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси вафот этган. Элчихона ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради», — дейилади хабарда.