Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь кунги видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга бир ой муддатда Қашқадарёдаги 48 та мактабни танлаб олиб, келгуси ўқув йилидан уларда Финляндия таълим тизимини жорий этиш вазифасини топширди.

Бироқ ҳозирга қадар финлар тажрибасининг айнан қайси жиҳати олиниши, кўпроқ нималарга эътибор қаратилиши ёки таълим тизимидаги фарқли жиҳатлар ҳақида маълумот берилмади. Шу муносабат билан, «Газета.uz» дунё рейтингларида юқори поғоналардан тушмайдиган, хусусан Ўзбекистонда ҳам бот-бот намуна қилиб кўрсатиладиган, ўзига хос муваффақият сирларига эга бўлган Финляндия таълим тизими тўғрисидаги маълумотларни бир материалга жамлади.

Сифатли ва самарали

Финляндия таълим тизими дунё миқёсида энг сифатли ва самарали дея эътироф этилган таълим тизимларидан бири ҳисобланади. Бу тизим дунёнинг аксарият давлатларида амал қилувчи таълимнинг анъанавий шакллари ва усулларидан кескин фарқ қиладиган бир қатор хусусиятларга эга.

Финляндия таълим тизимининг ўзига хослиги таълим жараёнида асосий устуворлик ўқитувчи ва ўқувчи учун имкон қадар эркин, қулай, жисмоний зўриқиш ва руҳий босимлардан ҳоли муҳит яратишга қаратилганлигида намоён бўлади.

Финляндияда таълимнинг асосий мақсади — ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар барча болалар учун сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, уларни жамиятнинг фаол фуқаролари сифатида вояга етказиш ва мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборат. Мамлакатда бепул мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим барча учун кафолатланган.

Финляндия таълим тизими қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

  1. Мактабгача таълим: эрта болалик таълими ва парвариши ҳамда умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган мактабгача таълим (7 ёшгача);
  2. Умумий ўрта таълим: бошланғич ва таянч ўрта таълим;
  3. Ўрта-махсус таълим: умумий ўрта-махсус таълим ёки касбий таълим ва тайёргарлик;
  4. Олий таълим;
  5. Катта ёшлилар учун таълимнинг барча босқичлари.

Финляндияда мактабгача таълим бепул тақдим этилади ва барча болалар учун мажбурийдир. Мактабгача таълим болаларда билим олиш ва ўз-ўзини ривожлантириш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган бўлиб, уларни кейинги босқич — умумтаълим мактабларига тайёрлашда муҳим рол ўйнайди.

Умумтаълим мактаблари 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган барча болаларни бошланғич (1−6 синфлар) ва таянч ўрта таълим (7−9 синфлар) даражасида қамраб олади. 1−6 синфларда ўқувчилар педагогикага ихтисослашган ўқитувчи (синф раҳбари)дан, 7−9 синфларда ихтисослаштирилган фан ўқитувчиларидан сабоқ олади. Умумтаълим мактабларида таълим олиш мажбурий бўлиб, одатда, болалар 7 ёшга тўладиган йилдан ўқишга қабул қилинади. Бошланғич ва таянч ўрта таълим бепул.

Умумтаълим мактабини тамомлаган ўқувчилар икки турдаги ўрта-махсус таълимдан бирини танлаши мумкин. Умумий ўрта-махсус таълим, одатда, ўқувчиларни муайян касбга эмас, университетларга тайёрлашга ихтисослашган. Касбий таълим ва тайёргарликни танлаган ўқувчилар эса муайян касб-ҳунарга ўргатилади.

Финляндия таълим тизимининг муваффақият сири бир қатор омилларга ва унинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Қуйида уларни биз учун муҳим бўлган умумтаълим мактаблари контекстида кўриб чиқамиз.

Тенглик тамойили

Финляндия таълим тизими барча учун тенг таълим имкониятларини таклиф этишга қаратилган. Мамлакатда таълим соҳаси мутахассислари томонидан таълимдаги энг асосий устуворликлар белгилаб олинган бўлиб, бу таълимга жамиятдаги тенгсизликни мувозанатлаштириб турувчи восита сифатида қараш, ўқувчиларни таълим жараёнида бепул овқат, тиббий хизмат, психологик маслаҳат хизматлари билан таъминлаш ҳамда индивидуал тарзда йўналтиришни назарда тутади.

Шунингдек, тегишли қонунчиликка мувофиқ, заруратга қараб ўқувчилар мактабга қатнаш учун транспорт воситаси ёки турар жой билан таъминланишлари мумкин. Бундан ташқари, ўқувчи мактаб ҳудудида, дарс ёки бошқа ўқув машғулотлари вақтида, мактабга кетаётган ёки қайтаётган пайтда, ётоқхонада жароҳатланган тақдирда даволаш хизматлари бепул амалга оширилади.

Шуниси эътиборлики, Финляндияда деярли барча мактаблар давлат мактаблари ҳисобланади ва уларга ҳукумат томонидан тенг миқдордаги молиялаштириш маблағлари ажратилади. Муайян фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ёки муайян фанларга ихтисослашган алоҳида мактаблар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисобланмайди.

Ҳар бир ўқувчи ўзига хос иқтидорга эга, деб қаралади ва индивидуал ўқув режаси асосида ўқитилади ва баҳоланади. Ўқувчилар бир-бирига солиштирилмайди. Бу ўқувчиларнинг стресслардан ҳоли тарзда билим олишига замин яратади.

Ўқитиш ва соғломлаштириш

Таълим жараёнида ҳам ўқитувчилар, ҳам ўқувчиларнинг жисмоний ва руҳий зўриқишлардан ҳоли бўлишини таъминлашга хизмат қилувчи бошқа омиллар ҳам мавжуд:

  • Мактабда дарслар нисбатан кечроқ — эрталабки 9:00−9:45 дан бошланади, бу ўқувчиларнинг тиниқиб ухлаши, дарс вақтида ўзини уйқучан ҳис қилмаслиги ва машғулотларда тез толиқиб қолмаслигига ёрдам беради;
  • Дарслар ва танаффуслар давомийлиги узоқроқ, фин мактабларида ўқувчилар бир ўқиш кунида ўртача 3 тагача фан ўқийди ва ўртача 5 соат вақт ўтказади, дарслар орасидаги нисбатан узоқроқ давом этувчи танаффуслар уларга тамадди қилиб олиш, дам олиш, вақтичоғлик қилиш ва бироз тоза ҳаво олишга имкон яратади;
  • Фин ўқувчилари дунё бўйича мактабдан ташқари уй вазифасига энг кам — ўртача ярим соат вақт сарфлайдиган ўқувчилар сифатида эътироф этилади;
  • Ўқувчилар билими даражасини баҳолаш учун стандартлаштирилган имтиҳонлар ўтказилмайди (университетларга кириш мақсадида ихтиёрий равишда топшириладиган Миллий кириш имтиҳонлари бундан мустасно), ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашилади ва ундаги шахсий ўсиш индивиуал хусусиятларига кўра баҳоланади, бошқа болалар билан солиштирилмайди. Фин мактабларида асосий урғу болани имтиҳонларга эмас, мустақил ҳаётга ва реал воқеликка тайёрлашга қаратилади.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, мамлакатда миллий даражадаги таянч ўқув дастури фин мактабларида асосий эътиборни ўқувчининг таълим олиши ҳамда саломатлигига қаратишни назарда тутади. Ўқув машғулотлари ўқувчининг мустақил фаолияти ҳамда ўқитувчи, бошқа болалар ва ўқитиш муҳити билан ўзаро алоқасига қаратилган таълим концепциясига асосланади. Махсус таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун мўлжалланган юқори сифат ва эрта ёшдан ташхислаш тамойили ҳеч ким ўзлаштиришда орқада қолмаслигини кафолатлайди.

Юқори малакали ўқитувчилар

Қайд этиш жоизки, Финляндияда ўқитувчиларни тайёрлаш тизими яхши йўлга қўйилган бўлиб, фаол амалиётга асосланади.

Маълумотларга кўра, мамлакатда университет битирувчиларининг бор-йўғи 10 фоизигина магистр даражасини олишга муваффақ бўлгани ҳолда, ўқитувчиларга магистр даражасига эга бўлиш қатъий талаб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, финляндиялик ўқитувчилар юқори малакали ва ўз ишига кучли масъулият билан ёндашади, ўз навбатида, жамиятда ўқитувчиларга нисбатан юксак ишонч ва ҳурмат шаклланган.

Ўқитувчилар фаолияти баҳоланмайди, текширувлардан ўтказилмайди. Яъни ўқитувчиларга ҳисобдорлик эмас, масъулият юкланади. Ўқитувчилар тайёрлаш тизимининг узлуксизлиги ва сифати сабабли фаолиятлари давомида уларга эркинлик: ўқитиш усуллари ва ўқув материалларини миллий ва маҳаллий даражадаги ўқув дастурлари асосида мустақил танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўқув дастурларини ишлаб чиқишдаги мустақиллик

Умуман, Финляндияда таълим жараёнини ташкил этиш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишнинг марказлаштирилган тизими мавжуд эмас. Миллий миқёсда қўллаш учун фақатгина таянч ўқув дастури ишлаб чиқилади. Таълим жараёнини маҳаллий шарт-шароитларга мувофиқлаштирган ҳолда йўлга қўйиш учун маҳаллий таълим ташкилотларига эркинлик берилади. Мазкур номарказлаштирилган тизим маҳаллий даражада ишлаб чиқилган ва жорий этилган ўқув дастурларига асосланади, бунда ўқувчиларнинг индивидуал эҳтиёжлари ҳисобга олинади.

Мактаблар таълим жараёнида давлат томонидан мажбурий таълим учун тасдиқланган муайян фанларнинг барчаси ёки айримларини ўқитиш ёки ўз ихтиёрларига кўра фундаментал таълимга мос бошқа фанларни ўқитиш тўғрисида мустақил қарор қабул қилиши мумкин. Маҳаллий даражада ўқув дастурини мактаблар миқёсида ишлаб чиқиш маҳаллий ўқитувчи-педагогларни таълимни ривожлантириш ҳақида бош қотиришга ундайди ва уларга фаолияти давомида педагогик масъулият юклайди.

Финляндия ва Ўзбекистонда умумий ўрта таълим — мактаб таълимига хос ўхшаш ҳамда фарқли хусусиятлар

Финляндия мактаблари:
Ўзбекистон мактаблари:
Ўқувчилар 7 ёшга тўладиган йилдан қабул қилинади
Ўқувчилар 7 ёшга тўладиган йилдан қабул қилинади
Бошланғич таълим 1−6 синфлар, таянч ўрта таълим 7−9 синфларни ўз ичига олади
Бошланғич таълим 1−4 синфлар, таянч ўрта таълим 5−9 синфларни ўз ичига олади
Ўрта-махсус таълим умумий ўрта-махсус ёки касб-ҳунар таълими шаклида олиниши мумкин
Ўрта-махсус таълим умумий ўрта-махсус ёки касб-ҳунар таълими шаклида олиниши мумкин
Дарслар эрталабки 9:00 — 9:45 дан бошланади
Дарслар асосан эрталабки 8:00 дан бошланади
Барча ўқитувчилар магистр даражасига эга бўлишлари шарт
Республика бўйича мактабларда фаолият олиб борувчи ўқитувчиларнинг аксарияти — 89,3 фоизи олий маълумотга, 2,6 фоизи тугалланмаган олий маълумотга ва 8,1 фоизи ўрта махсус маълумотга эга. Ўрта-махсус маълумотга эга бўлган ўқитувчиларнинг улуши бўйича Қашқадарё вилояти етакчи ҳисобланади — 18,3 фоиз
Ўқитувчилар фаолияти баҳоланмайди ва ҳеч қандай текширувлардан ўтказилмайди
Ўқитувчилар ҳар беш йилда мажбурий (ёки ўз ихтиёрига кўра навбатдан ташқари) аттестациядан ўтказилади ва тоифаларга ажратилади
Ўқув дастурларини ишлаб чиқишнинг номарказлаштирилган тизими: мактаблар таълим жараёнида давлат томонидан мажбурий таълим учун тасдиқланган муайян фанларнинг барчаси, айримлари ёки ўз ихтиёрига кўра фундаментал таълимга мос бошқа фанларни ўқитиш тўғрисида мустақил қарор қабул қилишлари мумкин
Умумий ўрта таълим муассасаларида таълим давлат таълим стандарти асосида ишлаб чиқилган таянч ўқув режаси ва умумий ўрта таълим дастурига кўра амалга оширилади. Таянч ўқув режасига кўра, ўқув фанлари учун ҳафталик дарс соатларининг энг кам миқдори 267 соатни ташкил этади, шундан 262 соат — давлат ихтиёридаги, 5 соат — мактаб ихтиёридаги соат ҳисобланади
Ўқувчилар академик натижаларини баҳолаш фақатгина 6 ва 9-синфни тамомлаётган вақтда амалга оширилади
Ўқувчилар билимини баҳолаб бориш ва уларни синфдан-синфга кўчириш учун босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний аттестациялар ўтказилади
Диний таълимни ўз ичига олади
Диний таълимни ўз ичига олмайди
Стандартлаштирилган тестлар ва мактаблар фаолияти инспекцияси тизими мавжуд эмас, мактаблар рейтинги юритилмайди
Миллий даражадаги стандартлаштирилган тест тизимлари мавжуд, мактаблар фаолияти текширувдан ўтказилади ва рейтинги юритилади
Умумий ўрта таълим мактабларида барча ўқув материаллари бепул тақдим этилади
Ўқув материалларидан пуллик ижара асосида фойдаланилади
Битта синфда ўқувчилар ўртача сони 19−20 нафар
Битта синфда 35 нафардан кўп бўлмаган ўқувчилар қамраб олиниши мумкин
Муайян фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ёки муайян фанларга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга йўл қўйилмайди, алоҳида имтиёз ва нуфузга эга бўлган мактаблар мавжуд эмас, деярли барча мактаблар давлат мактаблари ҳисобланади
Республика бўйлаб жами 298 та нодавлат умумтаълим муассасалари, бундан ташқари, иқтидорли ва истеъдодли болалар учун Президент мактаблари ва ихтисослаштирган мактаблар фаолият юритади

Манба: Финляндия Таълим ва маданият вазирлиги маълумотлари, Таълим тўғрисидаги асосий қонуни, Фундаментал таълим учун таянч ўқув дастури ҳамда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотлари, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни, Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом, Давлат таълим стандартлари.

Умумий ўрта таълимнинг ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичларига, жумладан, олий таълимга тайёрлашдаги ҳал қилувчи аҳамиятини ҳисобга олинса, ўзбек мактабларида фин тажрибасининг тизимли ва муваффақиятли жорий этилиши соҳада сезиларли силжишларга олиб келади. Фақат бу борада вақт ва ресурс масаласи муҳим роль ўйнаши мумкин.

Қашқадарёдаги айрим мактабларда Финляндия таълим тизимини жорий этишда унинг айнан қайси жиҳатлари асос қилиб олиниши ҳозирча очиқланмаган бўлса-да, юқорида кўриб чиқилган ҳар иккала давлат таълим тизимлари, хусусан, умумтаълим мактабларида ўқув жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ кескин фарқлар бу борада баъзи мувофиқлаштиришлар ва инфратузилмавий ислоҳотлар ўтказилиши талаб этилишидан далолат беради.

«Газета.uz» ижодкорлари мазкур мавзу атрофида таҳлилий материалларни чоп этишда давом этади.

Муқаддамхон Саидрасулова — Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти, «Газета.uz» колумнисти.