Европа кенгаши президенти Шарль Мишель Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан биргаликда Ўзбекистонга ташрифи доирасида Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги таъмирдан чиққан офисини очиб берди, сўнгра журналистлар билан суҳбатлашди.

У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв билан июль ойида тасдиқланган (расмий равишда тасдиқлангунга қадар халқаро шартномага исм-фамилиянинг бош ҳарфларини қўйиб, олдиндан ўз розилиги билдирилган — таҳр.) Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда ўтган йилдан буён мамлакат аъзо бўлган GSP+ имтиёзлар тизими ишини муҳокама қилганини маълум қилди.

«Иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун бизда аллақачон пойдевор бор», — деди Еврокенгаш раҳбари.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, президент билан учрашувда минтақавий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.

«Биз Ўзбекистон, унинг президенти ва ҳукуматининг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим ролини юқори баҳолаймиз. Европа Иттифоқи барқарорлик ва фаровонлик йўлида ҳамкор бўлишга ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга доимо тайёр», — деди Шарль Мишель.

У тез орада Самарқандда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган конференция ўтказилишини эслатди. «Конференцияда Европа Иттифоқи томонидан [яшил ва рақамли иқтисодиёт соҳасида] жуда аниқ таклифлар эълон қилинади, улар ҳамкорлигимизни [чуқурлаштиришга] хизмат қиладиган лойиҳалар учун асос бўлишига ишонаман», — деди Еврокенгаш президенти.

«Шунингдек, биз Россиянинг Украина билан уруши, унинг бутун минтақа [Марказий Осиё] ва дунё учун оқибатлари, озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози, бу уруш натижасида юзага келган энергетика инқирози, шунингдек, турли геосиёсий масалаларни, жумладан, нафақат минтақа, балки бутун дунё барқарорлиги учун ниҳоятда муҳим бўлган Афғонистон бўйича муҳокама қилдик», — деди Шарль Мишель.

Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Европа Иттифоқи элчиси Шарлотта Адриан ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишель.

Энергетика инқирозидан чиқишга келсак, Европа кенгаши раҳбарининг фикрича, бунда Марказий Осиё муҳим рол ўйнайди.

«Европа Иттифоқи етказиб беришни диверсификация қилиш, ҳамкорлар доирасини диверсификация қилиш ниятида, шунинг учун биз ишончли шериклар сифатида Ўзбекистон ва Марказий Осиёга таянамиз, улар билан кўплаб истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришимиз мумкин», — деди у.

Еврокенгаш раҳбари ЕИ ва Ўзбекистон бир-бири билан алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади. «Жаноб президентга айтганимдек, Европа Иттифоқининг яширин кун тартиби йўқ, биз ўз ҳаракатларимиз ва сиёсатларимизни иккита асосий тамойилга асослаймиз: тинчлик ва хавфсизлик барча халқлар фаровонлиги учун. Сиёсий мулоқот, ўзаро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат бу ҳамкорликнинг асосини ташкил этади», — деди у.

«Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолаймиз, чунки ўзаро боғлиқлик жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз. Келгусида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувларини мунтазам равишда ўтказишни режалаштирганмиз, уларда мен ҳам иштирок этаман, ўзаро боғлиқлик, яшил иқтисодиёт ва барқарорлик масалалари муҳокама қилинади. Ва ишонаманки, бу мунтазам учрашувлар ўзаро тушунишни яхшилашга ёрдам беради», — деди Шарль Мишель.