Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда «Афғонистон-Тожикистон-Ўзбекистон» йўналишида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан шуғулланувчи трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Дастлаб Сариосиё туманида ўтказилган тезкор тадбирда Шўрчи ва Узун туманларида яшовчи 3 нафар фуқаро кетаётган Lacetti автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, муқаддам 2 нафари судланган ушбу шахслар ёнида 670 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ушбу модда Сариосиё туманида истиқомат қилувчи, 1976 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсдан 2800 АҚШ долларига сотиб олингани маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинди.

Тезкор тадбирнинг иккинчи босқичида эса Бойсун туманидаги «Дарбанд» ЙПХ масканида Узун туманида яшовчи 3 нафар шахс кетаётган Nexia 2 машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада автомашина салонида 9 кг 410 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Узун тумани ҳудудига ўтказилган гиёҳвандлик воситаси аслида Самарқанд вилоятида кутиб турган харидорларга етказилиши кераклиги маълум бўлди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Нуробод туманида ушбу наркотик модданинг маълум бир қисмини қабул қилиб олган вақтда Самарқанд ва Андижон шаҳарларида яшовчи 3 нафар фуқаро ҳам ушланди.

Шунингдек, Денов туманида истиқомат қилувчи, 1971 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида 964 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, у ҳам ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 11 нафар шахс ушланиб, улардан жами 11 кг 44 гр «гашиш» моддаси мусодара қилинди.

Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича Бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.