Самарқандда ИИО ходимлари маҳбусга қийноқлар қўллагани оқибатида унинг учта қовурғаси сингани ва тана қисмида жароҳат излари борлиги айтилганди. Омбудсман вакили маҳбус билан учрашиб, вазиятни ўргангани ва ҳолат юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилингани хабар қилинганди. Вилоят ИИБ ҳолат аслида қандай бўлган борасида маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳолатда «қовурғаси уриб синдирилгани» айтилаётган шахс 29 сентябрь куни соат Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 5-сон ИИБ ходимлари томонидан «Қорадори-22» тадбири 2-босқичи давомида 5,25 грамм героин гиёхвандлик моддаси сотган вақтида ушланган. Героин ашёвий далил тариқасида хужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 октябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ хузуридаги тергов бўлими томонидан Ё.С. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексиинг 25−273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тезкор хизмат ходимлари ушбу шахсни ашаёвий далиллар билан қўлга олган вақтида у жароҳати борлигини баён қилган. Яъни у 20 сентябрь куни Ургут туманида ўзига тегишли бўлган ИЖ русумли мотоциклидан йиқилганини айтган. Ходимлар фуқарони Самарқанд шаҳрига олиб келиб, тиббий кўрикдан ўтказган», — дейилади хабарда.


Шунингдек, бошқарма шифокор тиббий маълумотномаси, ҳақиқатдан тадбирдан 10 кун олдин мотоциклидан йиқилгани тўғрисидаги фуқаронинг берган тушунтириш хати ҳамда ҳолат бўйича тузилган далолатномалар мавжуд эканини маълум қилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳолатга баҳо берар экан, Омбудсман ахборот хизматини ҳуқуқий баҳо берилмаган мурожаатни бир томонлама ёритганини, оқибатда айрим ОАВларда хақиқатга мос келмайдиган хабарлар тарқалганини таъкидлади.