Наманган вилояти ҳокимининг хизмат автомашинаси Уйчи туманида пиёдани уриб кетгани ҳақида Kompromatuzb Telegram каналида хабар тарқалди. Бунга вилоят ҳокимлигм муносабат билдирди.

Таъкидланишича, воқеа 7 октябрь куни соат 12:50лар атрофида содир бўлган. Наманган вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги (давлат рақами 50 010 DAV) Toyota Land Cruiser русумли автомобили Наманган-Уйчи-Учқўрғон йўлининг 8-километрида йўлни кесиб ўтаётган 2017 йилда туғилган фуқарони туртиб юборган.

Пиёда зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Тўлиқ тиббий текширув ўтказилгани, жиддий шикастланиш аниқланмагани, фақатгина юз соҳасида шилиниш бўлгани, тез тиббий ёрдам кўрсатилгани айтилмоқда. Қўшимча даволаниш талаб этилмайди, дейилади ҳокимлик хабарида.

«Ҳозирда пиёданинг аҳволи яхши ва ўзининг уйида одатдаги ҳаётий фаолиятини давом эттирмоқда. Йўл транспорт ҳодисаси бўйича барча хужжатлар ИИБ томонидан расмийлаштирилган», — дейилади хабарда.