24 октябрь, душанба куни Орёл шаҳридаги чиқиндиларни қайта ишловчи корхонада фаолият юритаётган Ўзбекистон фуқароларига сафарбарлик тадбирлари доирасида чақирув қоғозлари топширилди. Бу ҳақда Россиянинг «Истоки» телеканали хабар берди.

«Орёл шаҳрининг „Экосити“ (Экошаҳар) чиқиндини қайта ишлаш корхонасида фаол равишда чақирув қоғозларини топширишди, афтидан улар кимга топширишни тушунмаган. Мисол учун 50 нафар чиқиндини қайта ишловчи ходимларга берилди. 50 киши — бу бутун бошли бир „смена“ дегани ва бирданига бундай миқдордаги ишчилардан айрилиб қолиш — корхона фаолияти учун жиддий муаммо. Бундан ташқари, уларнинг 28 нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Қолаверса, чақирув қоғозларини талабалар ва хизмат қилмаган орловликлар ҳам олишди», деди эфир вақтида телеканал бошловчиси.

«Бизни «военкомат»га чақиришди, биз ахир Ўзбекистон фуқароларимиз-ку, биз бу ерда фақат ишлаймиз ва белгиланган тартибда солиқларни тўлаймиз», — дея таъкидлади Жалилбек Қурбонбоев.

Видеода шунингдек, ишчилар ёрдам сўраб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишгани ҳам айтилди. Таҳририят мурожаат видеосини топа олмади.

«Газета.uz» изоҳ сўраб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Бундан ташқари, таҳририят мухбири корхона раҳюари Юрий Парахин билан боғланди, у эса телелавҳадаги баёнотларни тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, 25 октябрь куни вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида у ўз ишчилари, шу жумладан, Ўзбекистон фуқаролари билан Орёл шаҳрининг ҳарбий комиссариятига борган.

«Мен ҳарбий комиссарият раҳбарига нима сабабдан чақирув қоғозлари Ўзбекистон фуқароларига топширилганини сўрадим, аммо менинг саволимга фақат елка сиқиб қўйишди. Бироқ Ўзбекистонликларнинг паспортларини текширишгач, улардан чақирув қоғозларини қайтариб олишди. Ҳозир улар иш жойига қайтишган», дея маълум қилди «Газета.uz»га Юрий Парахин.

Кечроқ, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва агентлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ фуқаролар ва корхона раҳбари билан боғланганини маълум қилди. Ишчи гуруҳ воқеа жойига йўл олган. Агентлик ўрганишлар натижаси юзасидан қўшимча маълумот беришни ваъда қилди.