Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Орлов вилоятидаги «Экосити» корхонасида ишлаётган ўзбекистонликларни урушга сафарбар қилишга уринишганини тасдиқлади.

Аввалроқ «Газета.uz» чиқиндиларни қайта ишловчи корхонада меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига сафарбарлик учун чақирув қоғозларини топширишгани, фуқаролар ва корхона раҳбари ҳарбий комиссариятга ташриф буюриб, паспортларни кўрсатишгач чақирув бекор қилингани ҳақида ёзганди.

Элчихона ходимлари корхона раҳбари Юрий Парахин ва унинг ўринбосари Валерий Окоровков ҳамда Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлашди.

Дипломатик миссия аниқланишича, 26 нафар Ўзбекистон фуқаросига сафарбарлик чақируви техник хато туфайли юборилган ва ҳужжатлар ҳарбий комиссариятда текширилгандан сўнг чақирув қоғози қайтариб олиниб, масала ҳал этилган.

Бу маълумотни корхона раҳбарияти ва республика фуқаролари тасдиқлади.

Бундан ташқари, Москвадаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказиш учун Орлов вилоятига жўнаб кетди.

«Шу билан бирга, қисман сафарбарлик эълон қилингани муносабати билан Ўзбекистон фуқаролари томонидан техник хатолар бўйича чақирув қоғозлари олиш ҳолатлари мавжудлигини маълум қиламиз. Одатда, барча бундай ҳолларда сафарбарлик чақируви ҳужжатлар текширилгандан сўнг қайтариб олинади», — дея қайд этди элчихона.

Элчихона шунга ўхшаш вазиятларда Ўзбекистоннинг жойлардаги бош консуллиги (Владивосток, Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Санкт-Петербург, Ростов-на-Дону) ёки Ўзбекистон элчихонасининг Москвадаги консуллик бўлимига мурожаат қилишни тавсия қилди ёки ҳарбий комиссарлик вакилларига шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мустақил равишда мурожаат қилиш сўралди.