25 октябрь куни эрталаб Тошкент вақти билан соат 5:25 да Халқаро космик станция «Progress MS-20» юк ташувчи кемасидан фойдаланган ҳолда, фазо чиқиндиларидан қочиш мақсадида олдиндан белгиланган манёврни (Predetermined Debris Avoidance Maneuver) амалга оширди, деб хабар берди «Роскосмос».

АҚШ Миллий аэрокосмик агентлиги (NASA) маълум қилишича, манёвр «Космос-1408» (СССР томонидан 1982 йил сентябрда эксплуатация қилинган, оммавий ахборот воситалари ёзишича, 2021 йил ноябрь ойида Россиянинг сунъий йўлдошга қарши қуролларини синовдан ўтказиш пайтида йўқ қилинган) разведка сунъий йўлдоши қолдиқлари бўлагининг ҳаракат йўлидан узоқлашиш учун қўшимча чора сифатида амалга оширилган.

«Progress MS-20» двигателлари ХКС рус сегментининг Звезда хизмат модулига 0,5 м/слик импульс берди. Манёвр натижасида станция орбитасининг ўртача баландлиги 880 м га ошди, дея таъкидлади Роскосмос. NASA аниқлик киритишича, двигателлар 5 дақиқаю 5 сония давомида фаоллаштирилган.

«Манёвр станция ишига таъсир қилмади. Ушбу манёврсиз кема бўлаги тахминан 3 миля (4,8 км — таҳр.) масофада учиб ўтган бўлар эди», — дея таъкидлади АҚШ агентлиги.

«Роскосмос» маълумотларига кўра, ХКСнинг шу вақтгача бўлган парвози давомида унинг орбитасига 328 та тузатиш киритилган.

Ҳозирда «Роскосмос» космонавтлари Сергей Прокопиев, Дмитрий Петелин, Анна Кикина, NASA астронавтлари Франсиско Рубио, Никол Манн, Жош Кассада ва Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) астронавти Коичи Вакатадан иборат 68-узоқ муддатли экспедиция экипажи ХКС бортида ишламоқда астронавт.