Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга ушбу мамлакатнинг миллий байрами — Республика куни муносабати билан табрик йўллади. Бу хақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликлар қардош Қозоғистон халқининг қувончига самимий шерик эканини таъкидлаб, Қасим-Жомарт Тоқаевга мустаҳкам саломатлик, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, Қозоғистон халқига эса фаровонлик, бахту саодат ва доимий равнақ тилади.

Аввалроқ, Қозоғистон депутатлари мамлакатнинг Биринчи президенти кунини давлат байрамлари рўйхатидан чиқариб ташлаш учун овоз берганди.

Шунингдек, ҳужжатда бошқа ўзгартиришлар, хусусан, 25 октябрь — умумхалқ байрами Республика куни, 16 декабрь — Мустақиллик куни давлат байрами сифатида белгиланди. Шу пайтга қадар Мустақиллик куни миллий мақомга эга бўлган.