ЎзЛиДеП партиясидан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия аъзоси, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар асосчиси ва маъмури Нуриддин Зайнитдинов бир неча депутатлик текширувлар ўтказгани ортидан унга «сиёсий буюртма» билан провокация уюштирилаётганини маълум қилди.

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, президент Администрацияси ва Бош прокуратурага йўллаган мурожаатида депутат унга «айрим мансабдорларнинг думини босиб олгани» сабаб таҳдид бўлаётганини даъво қилмоқда.

«Менга нисбатан жамоатчилик назорати фаоли ва маҳаллий Кенгаш депутати сифатида қонуний ҳақ-ҳуқуқларим бузилиб, ҳар томонлама тазйиқ ва сиёсий босим бўлмоқда», деб ёзган у.

Унинг сўзларига кўра, 21 октябр куни унинг шахсий телефон рақамига қўнғироқ бўлиб, унда ўзини ички ишлар органлари подполковниги деб таништирган шахс, Учтепа тумани ИИО ФМБ биносига зудлик билан етиб келишини талаб қилиб, келмаса қаерда бўлса ҳам топиб олиб кетишларини айтиб таҳдид, босим ва провокация уюштирилган.

Депутат бунда унинг фаолияти кафолатлари бузилганини айтмоқда.

«Бундан ташқари ички ишлар ва бошқа органлар ходимлари қариндошларимга тегишли бўлган ўйларга борган, мени қидираётганларини маълум қилиб, уларнинг қўни-қўшниларига саволлар берган. Ички ишлар органлари ходимининг фикрига кўра, депутат бўла туриб, ташрифдан олдин халқни фикрини бузиб, бузғунчилик ва ғаламислик қилаётган эканман. Танқид ҳам қилмаслигим, имкони бўлса гапирмаслигим керак экан», — деди у.

Нуриддин Зайнитдинов тасдиқланмаган маълумотларга таяниб, уни тумандаги битта орган раҳбари кутилаётган давлат тадбири олдидан ички ишлар органи биносига уни чақиртириб, дахлсизлик ҳуқуқи борлигига қарамай, қонунларни бузиб, МЖтКнинг 194 моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)ни асоссиз қўллаб, 15 сутка қамоқга жўнатишмоқчи бўлишганини даъво қилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, подполковник қўнғироқлари суҳбат аудиоси расмий телеграм каналига жойланганидан сўнг тўхтаган. Шунингдек, у депутатни чақирган ИИО ходимининг телефон рақами кўрсатилган скриншотни ҳам каналига жойлаштирди.

«Бу уюштирилган провокацияни сиёсий буюртма сифатида баҳолайман ва буюртмачилар ва бажарувчиларни топилиб жазоланишини талаб қиламан. Бу ҳолат қонунларнинг қўпол бузилиши, уларни менсимаслик, депутатлик фаолиятимга асоссиз аралашиш ва босим ўтказишдир», — деб ёзган у.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ЎзЛиДеП партияси вакили Расул Кушербаев душанба куни «Нормал, ҳуқуқий давлатда Парламент тизими вакили — маҳаллий Кенгаш депутатини асоссиз ва дахлсизлик ҳуқуқини ечмай 15 сутка қамоқга жўнатиш мумкинлигини тассавур қилиб бўлмаслиги» ҳақида ёзди.

Январь ойи бошида Нуриддин Зайнитдинов «сиёсий буюртма, провокация ва босим» туфайли депутатлик фаолиятини якунлаши мумкинлигини айтганди. «Газета.uz» билан суҳбатда у бунинг ортида «туман ва шаҳар ҳокимликлари билан боғлиқ уч-тўрт депутат» турган бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди.

Нуриддин Зайниддинов туман ҳокимлиги ва унинг ҳокими Фарход Абдуллаевни тез-тез танқид қилиб туради. Май ойида у туман маъмурияти раҳбарига «ишончсизлик овози» билан мурожаат қилиб, уни «ўз лавозимига мутлақо лойиқ эмас»деб эълон қилганди. Депутат туман бюджетининг ижроси, хусусан, ҳокимликнинг қўшимча ресурслари ва захира фондларидан фойдаланишнинг қонунийлигини текширишни, сўнгги 5 йил ичида ҳокимият балансидаги турар-жой бинолари ва бошқа объектларнинг ҳолатини назоратдан ўтказишни, турар-жой бўлмаган бинолар ва квартиралар кимга ажратилаётганини, шунингдек, ҳокимнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарорларини текширишни таклиф қилганди.