22 октябрь куни соат 04:55 да Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш кузатилгани ҳақида ёзгандик. ССВ воқеа оқибатида 16 киши жароҳат олганини маълум қилди. ФВВ эса портлаш натижасида аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни аниқланаётганини қайд этди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги шанба куни соат 23:11 да ҳарбий қисм яқинида жойлашган маҳаллалар тўлиқ қамраб олиниб, хатловдан ўтказилганини хабар қилди. Ҳисоб-китобларга кўра 3742 та турар ва нотурар жойларнинг томи, шифти, дераза ва эшик ромларига қисман талафот етгани аниқланди.

Шу куннинг ўзидаёқ «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам воқеа содир бўлган Сирдарё туманида бориб, омбор атрофидаги ҳудудлардан фоторепортаж тайёрлади.

Портлаш содир бўлган ҳарбий қисм.

«800 квадратга яқин ойна синибди»

Малик аҳоли пунктига кетарканмиз, йўлларда одамларнинг кўплиги ва қиз-аёллар уйининг кўча тарафини тозалаётганини кўрдик. Ойналари синган бинолар ҳам кўзимизга ташланди, дея сўзлаб беришди мухбирлар.

Ҳарбий қисмдан 3−4 км узоқликдаги «Бахт юксалиш» пахтачилик кластери биносининг кўча тарафдаги синган ойна ва деразалари ҳар қандай йўловчининг эътиборини тортиши шубҳасиз.

«Ҳарбий ҳудуд ва уйимиз оралиғидаги масофа 10 км. Эрталаб соат 05:00 ларга яқин гумбурлаган овоз эшитилди. Хонадонимдаги ҳеч нарсага зарар етгани йўқ. Аммо сиз кўриб турган ушбу корхонамиздаги ойна ва деразаларнинг кўпи шикастланди, шифтлар кўчиб тушди. Ҳисобаласак, 800 квадратга яқин ойна синибди. Компьютер ва принтерлар ҳам куйиб, ишдан чиқди. Ҳокимият вакиллари келиб, шикастланган жойларни расмга олиб кетишди. Бунча зарар давлат томонидан қопланиб бериладими, йўқми билмайман?!», — деди кластер раҳбари Илёс Кенжаев.

Тадбиркорнинг қўшимча қилишича, у мазкур бинони тўрт йил аввал сотиб олган. Ўтган вақт ичида бундай портлаш ҳолати сира кузатилмаган.

«Бугунги воқеа оқибатида туман марказидаги кўплаб хонадонлар ва биноларнинг ойналари, эшик-деразалари сингани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Интернетда тарқалган видеоларни ҳам кўрдик. Лекин олдин бундай ҳолат умуман бўлмаганди», — деди у.

«Хаёлим ҳарбий қисмдаги йигитларнинг аҳволида»

70 яшар Мавлуда ая Зоҳидованинг таъкидлашича, ҳолат саҳар соат 05:00 лар чамаси рўй берган.

«Ҳарбий қисм бизга жуда яқин, кўриниб туради. Бу ерда 45−50 йилдан бери яшаймиз, бунақа воқеани ҳеч кўрмаганмиз. Портлаш жудаям кучли бўлди. Биринчи ер қимирлади, кейин кучли овоз эшитилди. Деразалар синиб, шифтлар тушиб кетди. Асосийси тирик қолдик. Маҳалламизда кимдир жабрлангани ҳақида эшитмадик», — деди у.

Зарарни давлат қоплаб беради

Онахоннинг қайд этишича, ҳокимият ходимлари уйма-уй юриб, зарарлар қопланишини айтмоқда.

«Хавотир олманг, ўзимиз қилиб берамиз, зарарлар қопланади, дейишди. Синган жойларни расмга тушириб, ўлчаб кетишди. Худога шукр, биз соғ-омонмиз. Лекин ҳарбий қисмдаги ҳарбийлар нима бўлди экан? Ҳаёлим уларнинг аҳволида», — деди Мавлуда Зоҳидова.

«Тўрт-бешта нарса кетма-кет портлади»

Аҳоли билан суҳбатлашиб, катта кўчага чиқарканмиз, йўл четидаги юк машиналари соясида овқатланаётган кишиларнинг ҳам фикрларини эшитишга қизиқдик. Улар туркиялик ҳайдовчилар бўлиб, кўп йилдан буён Марказий Осиё мамлакатларидан Туркияга қушлар учун озуқа етказиб бериш билан шуғулланаркан.

«Туркиянинг Адана шаҳрида яшайман. Аждодларим асли қорақалпоғистонлик. 2007 йилдан бери Ўзбекистонга қатнайман. Сирдарёнинг бу ҳудудига кеча соат 17:00 да келгандик. Бир шеригимизни кутиб, шу ерда қолиб кетдик. Мен бошқарадиган машинанинг олд тарафи ҳарбий қисм томонга қаратилган эди. Эрталаб осмон биринчи ёруғ бўлиб кетди, кейин жуда кучли ер қимирлаб, гумбурлаган овоз эшитилди. Тепага қизил-қизил нарсалар учиб, пастга тушди, сўнгра осмон тутунга тўлди. Кейин тўрт-бешта нарса кетма-кет портлади», — деди Зекерие Гўк.

Зекерие Гўк.

У саволларимизга ўзбекча-туркча аралаш жавоб бераркан, ҳеч қачон бундай ҳолат гувоҳига айланмаганини билдирди.

«Биз кўчада турганимиз учун икки томондаги юзлаб уйлардан ойналарнинг синган овози эшитилди. Ўша пайтдаги шовқинларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Кейин пастга тушдим. Шу атрофда яшайдиган бир эркак олдимизга келиб, нима бўлаётганини сўради. Биз эса ҳеч нарсадан хабаримиз йўқлигини айтдик. Унинг юзлари қон эди. Адашмасам, ойна синиқлари юзига тушиб, лат етказганди», — деди у.


Ахборот олишнинг имкони бўлмади

Йўл-йўлакай яна бир қанча одамларни саволга тутдик. Улар «сиёсатга аралашмаслиги»ни таъкидлаб, жавоб беришни хоҳламади. Аҳоли тумандаги 1-умумтаълим мактаби, ҳокимлик биноси ва бир қанча катта обьектларга зарар етганини маълум қилди.

1-умумтаълим мактабидаги ҳолатга қизиқиб, муассаса томон йўл олдик. Афсуски, мактаб директори ҳолатни изоҳлашдан бош тортди, ойналари синган деразаларни суратга олишга рухсат бермади. У туман халқ таълими бўлими бошлиғидан розилик олишимиз ёки у ердаги бирор ходим билан мактабга келишимизни айтди.


Шундан сўнг туман ХТБ биносига бордик. Ўзини ХТБ бошлиғи ўринбосари, деб таништирган киши ҳам ҳолат ҳақида гапиришга ва мактабни тасвирга туширишимизга кўнмади. Ярим соат вақтимиз ахборот олиш мақсадида сарсонгарчиликда ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги соат 09:14 да эълон қилган баёнотида ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилганлиги тўғрисида маълумот берганди. Хусусан, улардан 5 нафари шошилинч тиббий ёрдам бўлимида эканлиги, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилгани айтилганди.

Биз беморларнинг тушликдан кейинги аҳволи қандайлиги, касаллик босқичи қай даражада эканлигига аниқлик киритиш учун туман тиббиёт бирлашмасига бордик. Ўзини хавфсизлик ходими, деб таништирган эркак жабрланганлар ичида оддий аҳоли йўқлиги, уларнинг ҳаммаси ҳарбийлигини айтди. Қолаверса, мазкур касалхонада беморлар йўқлиги, жабр кўрганлар Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий госпиталда эканлигини маълум қилди. Афсуски, бу ҳақда шифохонадаги раҳбарият ёки шифокорлардан ҳам изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Маҳаллий таксида Сирдарё туманидан пойтахтга қайтар эканмиз, ҳайдовчи воқеа борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Телевизорда атом бомбаси ерга тушиб, кейин қизил олов қўзиқорин ҳолатида бўлганини кўрамиз-ку, бу воқеада ҳам ҳудди шундай манзара бўлди. Кейин тўлқин келиб, ойналарни синдириб, шифтларни тушириб юборди. Ҳозир интернетда вафот этганлар йўқ, деган хабарларни ўқидим. Лекин мен бунга ишонмайман. Портлаш тўлқини буёғи Чиноз, уёғи Янгиер туманларигача етиб борибди. Қандай қилиб, ҳарбий қисм ичидаги ходимларга ҳеч нима қилмаслиги мумкин?», — деди исми сир тутилишини илтимос қилган ҳайдовчи.