22 октябрь куни соат 04:55 да Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлди. Буни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлади. Воқеа оқибатида талафот кўрганлар ва жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда аввалига ёруғлик пайдо бўлгани, бир неча сония ўтгач эса — баланд овоз ва кучли тўлқин тасвирланган видеолар тарқалди. Маҳаллий аҳоли ер силкинишига ўхшаш ҳолатни сезишганини айтишмоқда. Кўчаларда дарахтлар тебраниб кетди, ойна ва эшиклар очилди, кўплаб хонадонлар ва дўконларнинг ойналари синди, биноларнинг айрим конструкцияларига ҳам зарар етди.