19 октябрь куни президент «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги [ЎРҚ-794-сонли] қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Жиноят кодексининг 168-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, фирибгарликни ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Эндиликда ушбу жиноят БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, 169-моддада компьютер тизимига рухсатсиз кириб, ундан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳам беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-моддасига моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлганлик учун ҳам жавобгарлик тайинланди. Ушбу ҳуқуқбузарлик оғирлаштирувчи ҳолатларда 15 сутка маъмурий қамоққа олишга ёки БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.