18 октябрь куни электр энергетикаси объектларида ходимлар билан ишлашни ташкил этиш қоидаларини тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарори [608-сонли] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорда электр энергетикаси объектларига кирувчи ускуналар, қурилмалар, бино ва иншоотларнинг ишлашини ташкил этувчи ҳамда назорат қилувчи корхоналар ходимлари билан ишлаш тартиби белгиланди. Мазкур объектларда қурилиш-монтаж, созлаш, ишга тушириш ҳамда таъмирлаш ишларини бажарувчилар ҳам шулар қаторига киради.

Ходим ва раҳбарларнинг ўз касби ва иш тури бўйича саноат ва ёнғин хавфсизлигига оид амалдаги қоидалар, меъёрлар ва йўриқномалар бўйича билимлари синовдан ўтказилади.

Зарарли ёки хавфли меҳнат шароитлари билан боғлиқ оғир ишларда ишлайдиган ходимлар дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказилади.

Ходимлар билан ишлаш йиллик режаларга мувофиқ ташкил қилинади ва амалга оширилади. Ходимларни (мутахассисларни) тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларини бошқариш корхонанинг бош муҳандисига юкланади.