1 декабрдан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорлари субсидияга талабгорларни танлаб олиш комиссиялари таркибидан чиқариб ташланади. Ҳукуматнинг 14 октябрдаги
аҳолига ипотека кредити ва уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги қарорида [601-сонли] бу ҳақда сўз боради, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Шунингдек, субсидия олиш учун аризани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимлари ва туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан кўриб чиқиш тартиби ҳам бекор қилинади.

Бунда мазкур ташкилотларнинг маълумотлари subsidiya.idm.uz дастурий таъминоти орқали автоматик тарзда шакллантирилади.

Шунингдек, Молия вазирлиги жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредити ажратишда қарз олувчиларга қарз юкининг энг юқори чегараси ҳамда субсидия олиш учун бир календарь йилда икки марта ариза бериш бўйича белгиланган чекловлар олиб ташланди.

Субсидия ажратиш мақсадида қуйидагилар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим шахслар тоифасига киритилади:

  • ёш оилалар, шу жумладан, 30 ёшдан ошмаган фуқаролар;
  • олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлаш учун келган олий маълумотли мутахассислар ва тиббиёт ходимлари.

1 ноябрга қадар «Labor — migration» дастури ва Кадастр агентлигининг Миллий географик ахборот тизими портали subsidiya.idm.uz дастурий таъминотига интеграция қилинади.

Ноябрь ойигача 2020−2022 йиллар дастури доирасида субсидия ажратиш тўғрисида хабарнома олган фуқароларга ипотека кредити фоизларининг бир қисмини қоплаш бўйича тўланмай қолган субсидияларни тўлиқ тўлаш чоралари кўрилади.

2021 йил дастури доирасида субсидия ажратиш тўғрисида хабарнома олган Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турадиган фуқароларга Тошкент вилоятида қурилган уй-жойларни ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилади.