Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида Veolia Energy Tashkent хорижий компанияси ходими 600 доллар пора олаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати. Прокуратура маълумотларига кўра, шу йўл билан у абонентнинг қарзини сўндиришга ваъда берган.

Veolia Energy Tashkent ушбу ҳуқуқбузарликни кескин қоралашини билдириб, компания расмий вазифаларнинг асосий тамойилларини ифодаловчи Ички меҳнат қоидаларини ишлаб чиққанини маълум қилди. Шунингдек, яқин келажакда кучга кириши керак бўлган Ишбилармонлик хулқ-атвори ва корпоратив этика тартибини ишлаб чиқмоқда.

«Veolia фаолият юритаётган мамлакатларда амалдаги қонунлар ва қоидаларга амал қилади, шунингдек, масъулият, бирдамлик, ҳурмат ва мижозларга эътибор қадриятларига мувофиқ кенг тарқалган ахлоқ қоидаларига амал қилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 июлдан Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти Франциянинг Veolia Energy Tashkent компанияси бошқарувига ўтганди. Ташкилот 30 йил давомида ушбу тизимни бошқариб, газ, электр энергияси ва сувдан триллионлаб сўмни иқтисод қилиш ҳамда иссиқлик йўқолишини 44 фоиздан 20 фоизгача пасайтиришга кўмаклашади.