Франциянинг Veolia Energy Tashkent компаниясига Тошкент иссиқлик таъминоти тизимини бошқариш топширилди. Аввалроқ бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг [ВМҚ №594] қарори қабул қилинган эди.

Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги хабарига кўра, 2022 йил 1 июлдан Veolia Energy Tashkent илгари «Тошиссиққуввати» ДУК бошқарувида бўлган барча фаолият турларини амалга оширишни бошлади.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йил давомида лойиҳани амалга ошириш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича маслаҳатчи сифатида Тошкент ҳокимлигига кўмаклашади. ОТБ ўз хизматлари учун 1 млн доллар олиши керак.

2021 йилда Тошкент ҳокимлигига ўн кун муддатда давлат шериги сифатида махсус компания билан лойиҳа бўйича амал қилиш муддати 30 йил бўлган, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи давлат-шерикчилик тўғрисидаги битимни имзолаш топширилганди:

  • Самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) сифатида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик подстанциялари, иссиқлик ва иссиқ сув ҳисоблагичлари ўрнатиш, шунингдек, авария ҳолатлари, иссиқлик йўқотишлари, энергия ва сув истеъмолини кескин камайтириш ҳамда замонавий автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш;
  • Махсус лойиҳа компанияси томонидан тажриба лойиҳалари сифатида дастлабки икки йилда Тошкентнинг Бектемир ва Сергели туманларидаги «Водник» ва «Саноат энерго» марказлашган қозонхоналари орқали 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ёпиқ тизимга ўтказиш;
  • Тажриба лойиҳалари бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) ижроси юзасидан Осиё тараққиёт банкининг тавсиясига ҳамда техник аудиторнинг ҳисоботи асосида битим кучга кирган кундан бошлаб 2 йилдан кейин уни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, давлат шеригига 18 йилдан кейин битимни ихтиёрий раишда бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқини бериш;
  • «Тошиссиққувват» ДУКнинг иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга етказиб бериш, шу жумладан, иссиқлик тизимини эскплуатация қилиш, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва тўловларни ундириш бўйича вазифа ва функцияларни махсус лойиҳа компаниясига ўтказиш;
  • Veolia Central & Eastern Europe томонидан лойиҳа доирасида 20 млн евро миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб қилиш.

KPI кўрсаткичлари.

Лойиҳа доирасида 181 та марказлаштирилган ва локал иссиқлик тизими иншооти ва қозонхонани модернизация қилиш, пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган қувурлар асосида 575,6 км иссиқлик тармоқларини қуриш ва 841,1 км иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш, 51,5 минг дона иссиқлик энергияси ўлчов ускунасини ва 2 464,6 минг дона иссиқ сув ҳисоблагични ўрнатиш, шунингдек, 391 та махсус техника ва автомашиналар харид қилиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, «Тошиссиққуввати» ДУКга тегишли бўлган барча мол-мулк, шу жумладан, бино-иншоот ва бошқа моддий бойликлар хатловдан ўтказилиб, улар сотиш ва бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқисиз Махсус лойиҳа компаниясига эгалик қилиш ва вақтинчалик фойдаланишга бепул топширилади.

Иссиқлик энергияси тарифлари ва махсус жамғарма

Ҳукумат қарори билан қуйидаги тартиблар ўрнатилди:

  • Тошкент шаҳрида истеъмолчиларга кўрсатиладиган иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган тарифлар Махсус лойиҳа компанияси томонидан тақдим қилинадиган ҳисоб-китобларга кўра ҳар йили 1 майга қадар халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорлари билан тасдиқланди;
  • иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича тарифлар ҳақиқий харажатлар таннархи билан бирга иссиқлик тизимини модернизация ва реконструкция қилиш харажатлари инобатга олинган ҳолда шакллантирилди;
  • халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорларига асосан аҳолига bссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан ҳар ойда субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилди;
  • аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари бўйича пасайтирилган тарифлар қўлланилиши натижасида юзага келадиган зарарларни Махсус лойиҳа компаниясига қоплаб бериш юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар 2022 йил учун — 2021 йил 1 декабрга қадар ва келгуси йиллар учун — ҳар йили 1 июнга қадар Молия вазирлигига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилди.

Аҳолига пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида ектазилган зарарни қоплаш учун субсидиялар миқдори.

Тошкент ҳокимлиги ҳузурида Лойиҳа учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Марказлаштирилган иссиқлик тизими инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси» ташкил қилинди. Иссиқлик энергияси ва иссиқ сув учун тўловларнинг бир қисми, давлат бюджетидан субсидиялар, Veolia соф фойдасининг бир қисми мазкур жамғармани молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Жамғарма маблағлари марказлаштирилган ва маҳаллий қозонхоналар, иссиқлик иншоотлари, станциялар ва тармоқларни қуриш, реконструкция ва модернизация қилишга йўналтирилади.

Жамғарманинг ишлатилмай қолган маблағлари бюджет субсидияларини ажратишда ҳисобга олинади, шунингдек «Тошиссиққувати» ДУК қарзини қоплашга сарфланади.

Жамғарма маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш қатъиян ман этилади ва улардан самарали фойдаланиш учун Тошкент шаҳри ҳокими жавобгар бўлади.

«Газета.uz» аввалроқ Veolia 30 йил давомида лойиҳани амалга ошириш учун ўз ҳисобидан 315 млн евро ҳамда лойиҳа даврида олинадиган даромад ҳисобидан 1 млрд 80 млн евро йўналтириши ҳақида ёзган эди. 10 йил давомида пойтахтдаги барча қозонхоналарни ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, тарифларни 2021−2027 йилларда йилига 30 фоизга ошириш белгиланган. Ушбу давр мобайнида бюджет субсидиялари ҳажми ҳам 3,8 трлн сўмдан 8,5 трлн сўмга ошиши кутилмоқда.