Алоқа

Россияда Ўзбекистон фуқароларига ёрдам кўрсатишга тайёр бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари алоқа рақамлари:

Tong Jahoni мигрантларга ёрдам ташкилоти (Facebook-саҳифаси), раҳбари — Валентина Чупик, телефон рақамлари: +7 (903) 148 96 36, +7 (926) 834 76 02.

«Русь сидящая» қамоқхоналардагиларга ёрдам кўрсатиш ташкилоти (zekovnet.ru), катта эксперт — Руслан Вахапов, телефон: +7 (999) 797 23 20.

Куч ва фуқаролик билан алдов

Tong Jahoni муҳожирларга ёрдам берувчи нотижорат ташкилоти раҳбари Валентина Чупикнинг айтишича, 21 сентябрдан бери Россия Донбассдаги «махсус ҳарбий операция»да иштирок этиш учун аҳолининг «қисман» сафарбар қилинишини эълон қилганидан бери унга ҳар куни Украина билан урушга ёллашга уринаётган ёки аллақачон ёлланган муҳожирлардан юзлаб қўнғироқлар бўлган.

Унинг сўзларига кўра, турли йўллар билан: ихтиёрий равишда, ёлғон ва жисмоний таъсир орқали ёллашга уринишмоқда.

«Агар илгари улар асосан ихтиёрий равишда, тўловлар, компенсациялар ва Россия Федерацияси фуқаролигини таклиф қилишган бўлса, энди шартлар ўзгарди. Мигрантлар тобора кўпроқ жисмоний ва фирибгарлик воситалари билан мажбурланмоқда. Одамларга имзолаш учун турли хил миграция ҳужжатлари, жумладан, урушда ихтиёрий иштирок этиш тўғрисидаги шартнома ҳам берилади», — деди Валентина Чупик.

Tong Jahoni`га юборилаётган одатий мактублар мазмуни қуйидагича кўриниш олган: «Мени шартнома имзолашга кўндиришмоқда/қўрқитишяпти, нима қилишим керак?» Бундай аризалар умумий миқдорнинг учдан икки қисмини ташкил қилмоқда. Тахминан учдан бир қисми: «Мен чақирув олдим, нима қилишим керак?» деган мазмунда бўлса, камроқ қисмида: «Мен шартнома имзолаганга ўхшайман, нима қилишим керак?» — дейилади.

Валентина Чупик. Фото: Kloop

Ҳозир ташкилот кунига 200 га яқин одамга қўнғироқ қилади. Қўнғироқлар сонининг энг юқори нуқтаси сентябрь ойининг сўнгги кунларига тўғри келди, ўшанда кунига камида 900 киши қўнғироқ қилган. Қўнғироқ қилганларнинг 70 фоизи аллақачон Россия фуқаролигига эга, 30 фоизи эса йўқ.

Ёрдам сўраб мурожаат қилганларнинг аксарияти, аниқроғи жами мурожаат қилувчиларнинг 40 фоизга яқини Қирғизистондан бўлиб, кейин Тожикистондан — 30 фоизи, учинчи ўринда — 25 фоизга яқини Ўзбекистондан. Яна 5% Арманистон, Молдова ва Туркманистон каби давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

«Россия фуқаролигига эга бўлмаган ўзбекистонлик мигрантлардан ҳар куни 10−12 киши мурожаат қилади», — дейди Валентина Чупик.

5 октябрь куни у «энг қайғули ва энг даҳшатли воқеа» содир бўлганини айтди. 1000 нафар ўзбекистонлик муҳожир Мариуполдаги вайроналарни тозалашга бориш тўғрисида шартнома имзолаган. Улар Москва вилоятида кам маош олишгани, кейин эса бригадирлари қўшимча пул ишлаш имкониятини топганини айтишган.

«Йигитлар менга қўнғироқ қилишиб, аллақачон Мариуполга борадиган автобусда ўтирганларини ва у ерда вайроналарни тозалашларини айтишди. Мен дарҳол уларга ўша ерда вайроналарни ўз таналари эвазига тозалашлари, чунки у ерда ҳамма ёқ миналанганини айтдим. Нега улар умуман ўйлашмади? Ташкилотда жуда хафа бўлдик ва йиғладик», — деди Валентина Чупик «Газета.uz» билан суҳбатда.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи ҳам Россияни тарк этганидан кейин фаолияти учун бир неча бор таҳдидларга учраган, бироқ унинг сўзларига кўра, ҳозир таҳдидлар вақтинчалик босилганини қайд этди.

«Бундан олдин улар кунига 70 марта қўнғироқ қилишди, ўлдириш билан таҳдид қилишди, аммо октябрь ойида қўнғироқлар деярли тўхтади», — деди у.

Камерадан окопга — озодлик учун

Хабарларга кўра, Россия уруш учун қамоқда ўтирган муҳожирларни ҳам фаол равишда жалб қилмоқда. Бундай чет эл фуқароларига «Русь сидящая» ташкилоти ёрдам беради. Фақат сўнгги бир неча кун ичида у беш нафар Ўзбекистон фуқароси Донбассга юборилмагани учун қамоқхонада қолиб кетганини таъминлай олди.

«Биз тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини Ярославл вилоятидаги, яна бирини — Владимирдаги қамоқхонага — энг қийини бўлди — қайтардик», деди «Газета.uz»га ташкилот директори Ольга Романова.

Владимирда ўтирган Ўзбекистон фуқаросининг онаси «Руси» адвокатларига қўнғироқ қилиб, қамоқдан ўғлидан электрон почта хабари олганини айтди.

«Уларда муаммо юзага келганда олдиндан келишиб олинган калит сўз бўлган, масалан: „Она, салом! Менда ҳаммаси жойида. Фурҳат бобога айтинг, сизни соғиндим“ қабилида. У дарров ёмон нарса бўлганини сезган ва тезда бизга мурожаат қилди. Биз эса Федерал Жазони ижро этиш хизмати ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига қўнғироқ қила бошладик», — деди ўзбекистонлик маҳкумни қутқариш операцияси ҳақида «Русь сидящая» катта эксперти Руслан Вахапов.

Федерал Жазони ижро этиш хизмати ва колонияда юристлар Ўзбекистон қонунларига кўра, урушга ёлланганлик учун эркак ўз ватанида яна 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинишини айтишди. Элчихона маҳкумнинг онасидан аризасини қабул қилиб, уни олиб чиқиб кетмасларидан зудлик билан аралашди.

«Ўша йигитнинг онасидан элчихонадаги аёл аризани олганида уларга бундай аризалар аллақачон бир неча ўнлаб бўлганини айтди. Аммо элчихонадаги йигитлар барака топишсин, уларнинг тезкор ҳаракатлари туфайли фуқарони жойида қолдиришга эришилди», — дея аниқлик киритди Руслан Вахапов.

Руслан Вахапов. Фото: zekovnet.ru

Ярославль вилоятида қамоқда сақланаётган яна тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсхонада қолдиришга муваффақ бўлинди.

«Мен Ярославль вилояти бўйича Федерал жазони ижро этиш хизматининг ички хавфсизлик бўлимига қўнғироқ қилдим, улар мени яхши билишади, улар менга: „Руслан, ҳеч ким ҳеч қаерга кетмайди“, — дея жавоб беришди. Улар кейин ўзларининг боши кетишини тушунишади», — деди эксперт.

Биргина Россиянинг Ярославль вилоятидаги қамоқхоналарда собиқ иттифоқ республикаларидан 800 дан ортиқ одам бор.

Қонун ёзилмаган

Қамоқхоналарда, шунингдек, озодликла муҳожирларни ёллаш ихтиёрийликдан мажбурийликка ўтмоқда.

«Агар кишининг соғлиғи бўйича мос тушса ва „Вагнер“ хусусий ҳарбий компанияси учун озгина бўлса ҳам қизиқиш уйғотса, у таҳдид ва бошқа воситалар билан шартнома имзолашга мажбур қилинади. Бундай муҳожирлар, масалан, тез орада урушга жўнатиладиганлар ўтирган казармага жойлаштирилади ва улар билан бирга сўзсиз урушга юборилади», — деди «Русь сидящая» юридик бўлими раҳбари Ольга Подоплелова «Газета.uz»га.

Унинг фикрича, қамоққа олинган муҳожирларни урушга жўнатиш бошланиши кутилганди, бироқ бу вақт масаласи эди.

«Бу ерда ҳеч қандай қонуний асослар йўқ, қамоқхоналардаги ёлловчилар жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Россияда сафарбарлик қонунбузарликлар билан давом этмоқда, «кулранг зона»да бўлганлар ҳақида нима ҳам дейишимиз мумкин», — деб ҳисоблайди Ольга Подоплелова.

«Руси» ҳисоб-китобларига кўра, 900−1200 киши билан тўла қамоқхоналардан 150−300 нафар Россия фуқароси урушга жўнатилмоқда. Икки ҳафта олдин 10 минг нафар судланган россияликлар урушга ёлланган эди. Россиядаги қамоқхоналарда қанча муҳожир борлиги номаълум. 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатдаги маҳкумларнинг умумий сони 450 минг кишини ташкил қилган.

Ёлламоқчи бўлишса, нима қилиш керак?

Ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома имзолаш истаги пайдо бўлса, алданса ёки чақириқ қоғози топширилса, зудлик билан ўзига, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига мурожаат қилишни тавсия қилади.

«Мен тез ёрдам машинасига ўхшайман ва ҳеч бўлмаганда нима қилиш, нима қилмаслик кераклигини тушунтираман. Шунингдек, Россиядаги элчихонангизга мурожаат қилишни унутманг. Улар секинроқ реакцияга киришадилар, лекин уларнинг вазни сезиларлироқ бўлади, чунки бу халқаро даража», — деди Валентина Чупик.

Агар Ўзбекистон фуқаролари қамоқдан урушга жалб қилинаётган бўлса, «Русь сидящая»дан Руслан Вахапов исталган вақтда улар билан тезда боғланишни маслаҳат беради.

«Ҳафтада 7 кун 24 соат қўнғироқлар учун мавжуд», — деди эксперт.

Қўшимча маълумотлар «Русь сидящая» сайти ва Tong Jahoni ташкилотининг Facebook`даги саҳифасида мавжуд.