Тошкент вилоятида уч нафар пойтахтлик шахс 1,4 млн АҚШ доллари эвазига 16 гектар ер олиб бермоқчи бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Гумонланувчилар ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва департамент ходимларининг Оҳангаронда тезкор тадбир ўтказаётган вақтида қўлга олинди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳрида яшовчи 1955, 1976 ва 1979 йилларда туғилган 3 нафар шахс тадбиркорни ишонтириб, Оҳангарон туманидаги «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 16 гектар ерни мансабдор танишлари орқали у раҳбарлик қилаётган МЧЖ номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига улар 1 млн 400 минг АҚШ доллари талаб қилган ва ундан 300 минг АҚШ долларини олдиндан бериши кераклигини айтган. 3 шахс маҳаллий тадбиркорнинг 300 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28 (жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.