Қорақалпоғистонда мактабларни бепул озиқ-овқат билан таъминлаш ишлари бошланди, дея Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматига таяниб Hudud inform каналида хабар қилинди

Маълум бўлишича, 11 октябрдан бошлаб Тахиатош, Хўжайли, Қонликўл ва Амударё туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги жами 98 та умумтаълим мактабларида бошланғич синф (1−4-синф) ўқувчиларини бюджет ҳисобидан бепул овқат билан таъминлаш ишлари бошланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб ҳукуматнинг жорий йил 25 августдаги қарори билан тартибга солинади. Унга кўра, таомнома kundalik.com платформаси орқали юритилиб, махсус комиссия томонидан назорат қилинади.

Жорий йилнинг февралида Шавкат Мирзиёевнинг Мўйноқ фаоллари билан суҳбати давомида Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 142 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилаётгани маълум қилинганди. «Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Ҳали юқори синф ўқувчиларига жорий этамиз», — деди у. Қолаверса, давлат раҳбари болаларни боғчаларга 2 ёшдан қабул қилишни йўлга қўйиш нияти борлигини, бунинг учун эса мамлакат иқтисодиёти янада мустаҳкамланиши кераклигини айтганди.