2023 йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни обод қилиш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

«Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина „Ташаббусли бюджет“ орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Бунда „Ташаббусли бюджет“ лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади», — деди президент.

Қолаверса, президент «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини айтиб, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берди.

«Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди», — дея таъкидлади у.

Шунингдек, давлат раҳбари мутасаддилар эътиборини республика бўйича 1,5 мингта маҳалла аҳолиси бирорта лойиҳага овоз бермаганига қаратди.

Яқинда маҳаллаларда раислар сайлови бўлиб ўтгани, янгидан сайланган раислар одамларга ваъдалар бергани, лекин тақдим этилаётган бу имкониятдан фойдаланмаётганини кўрсатиб ўтди. «Мудраб ўтирган» раисларни фаолликка чақириш, керак бўлса ўқитиш кераклиги айтди.