Бош прокуратура ҳузуридаги департаментининг хабар беришича, Жиззах шаҳрида ва Самарқанд вилоятининг учта ҳудудида мақсадли кредитларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган.

Хусусан, департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Жиззах минтақавий филиали собиқ бошқарувчиси У.Ю., «Z.B.» МЧЖга жияни О.ни раҳбар сифатида тайинлаб, ушбу МЧЖга юк автотранспорт воситаларини харид қилиш учун 1,5 млрд сўм кредит ажратилишига эришган.

Кейинчалик 1,3 млрд сўмлик транспорт воситаларини бошқа шахсларга сотиб юбориб, кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида «Н.М.» хусусий корхонаси раҳбари Н.М. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан эшик, дераза ва мебел ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш мақсадида 640 млн сўм кредит ажратилишига эришиб, бу маблағларни мақсадсиз ишлатиб, талон-торож қилгани аниқланган.

Бундан ташқари, департамент Нуробод туманида «Т.Ч.» МЧЖ раҳбари И.Қ. ҳудудий тижорат банки филиалидан МЧЖга ҳамда оила аъзоларига чорва молларини сотиб олиш мақсадида ажратилган 410 млн сўм кредит маблағини мақсадсиз ишлатиш орқали талон-торож қилганини аниқлади.

Самарқанддаги яна бир ҳолатда, Тойлоқ туманидаги ЯТТ Ш. Д., «O-A.» фермер хўжалиги раҳбари О.У. ва бошқалар шу туманида яшовчи 10 нафар фуқаро номига картошка уруғи олиш учун жами 237 млн сўм имтиёзли кредит расмийлаштиришга эришган. Кейинчалик улар ушбу кредит маблағларини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.